Андижонда йирик шахмат мусобақаси старт олди

TIGGO 2 PRO

Юртимизда спортга қаратилаётган эътиборнинг юқорилиги ўз навбатида натижаларда ҳам акс этмоқда. Ҳар бир спорт тури учун зарур шарт-шароитлар, моддий техник-базалар яратилиб, ёшларни янада қизиқтиришига хизмат қилмоқда. Жумладан, шахмат спорт тури ҳам борган сари оммалашиб, унинг ихлосмандлари ҳамда аъзолари сафи кенгайиб боряпти.

Андижонда катта шахмат байрами бошланди. Жумладан, Андижон шаҳри ақл гимнастикасига мезбонлик қилмоқда.

Гап шундаки, 13-20 январь кунлари Андижон шаҳридаги “Универсал “спорт мажмуасида 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари ўртасида шахмат бўйича Ўзбекистон чемпионатига старт берилди.

Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан мазкур мусобақанинг қуйи босқичларида ғолибликни қўлга киритган 840 нафар ёш шахматчилар Ўзбекистон чемпионлиги учун дона сурадилар.

13 январь куни вилоят марказий темир йўл вокзалида мусобақа иштирокчиларини тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят спорт бошқармаси ҳамда ёшлар ишлари бошқармаси бошлиқлари қатнашиб, мусобақа иштирокчиларига омад тиладилар.

Таъкидлаш жоизки, меҳмонларни кутиб олиш жараёни ҳам ўзига хос байрамга айланиб кетди.

Бугундан эса расман “Универсал” спорт мажмуасида Ўзбекистон чемпионатига старт берилди.

Шахмат бўйича мактаб ўқувчилари ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати мусобақаларининг расмий очилиш маросими ўтказилди. Унда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳамда Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ўринбосари Комил Синдаров иштирок этиб, иштирокчиларга муваффақиятлар ёр бўлишини тилаб қолдилар. Табиийки, очилиш маросими ҳам кўтаринки руҳда ўтказилиб, истеъдодли ёшлар томонидан тайёрланган саҳна кўриниши ҳамда Андижон полкаси рақси тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади.

Мусобақа формати 9 турдан иборат ва швейцарча тизимда ўтказилади. Вақт назорати 1,5 соатдан ҳамда ҳар бир юришга 30 сониядан қўшиб борилади. Мусобақанинг дастлабки кунида 1-2-турлар бўлиб ўтди. Эртага навбатдаги тур баҳслари давом эттирилади.

Андижондаги турнирда ўз олдига етук гроссмейстер бўлишни мақсад қилган ёшларимиз жуда кўп. Масалан, уларнинг орасида ака-сингил Аслбек Абдулазизов ва Асмина Абдулазизова ҳам бор. Умуман олганда, улар каби шахмат устаси бўлиш истагида келганлар учун Андижондаги мусобақа айни муддао.  

Бугунги натижалар билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин:

1-тур натижалари 

https://chess-results.com/tnr1098694.aspx?lan=1&art=2&rd=1

2-тур натижалари

https://chess-results.com/tnr1098694.aspx?lan=1&art=2&rd=2

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!