Ўзбек боксчилари қайси футбол клубларига мухлислик қилишади? (2-қисм)
Ўзбек боксчиларининг миллионлар ўйинига муносабати, улар ёқтирган жамоалар ва футболчилар ҳақида мақоламизнинг иккинчи қисмини ҳавола этамиз.
Рустам Тўлаганов: Айни кунда мураббийлик фаолиятини олиб бораётган Стефано Пиолининг мухлиси эдим. У кўплаб жамоаларда тўп сурган. Мисол учун, “Парма”, “Интер”, “Лацио” умуман Италиянинг аксарият клубларида яхши фаолият олиб борган. Унинг иштирокидаги ўйинларни бевосита “Парма”да илк бор томоша қилганман. Шунинг учун, ушбу клубга бефарқ эмасман.
Исроил Мадримов: Тўғриси, ўзим футбол ўйнашга жуда қизиқаман. Лекин томоша қилиш борасида ашаддий ишқибозман, деб айта олмайман. Шунинг учун, битта жамоа ёки бир футболчи эмас, балки бир нечтасини ўйин услуби ёқади. Масалан, Криштиану Роналду ва Муҳаммад Салоҳ иштирокида ўйинларни мунтазам кўришга ҳаракат қиламан. Клубларга келсак, “Реал”, “Ливерпуль”, гарчи мерсисайдликларнинг ашаддий рақиби бўлса-да, “Манчестер Юнайтед” ҳам ёқади.
Достон Турдиев: “Барселона” га бўлган ҳурматим чексиз ва бирорта ўйинини қолдирмай кўраман. Футболчилардан Лионель Мессининг ўйинларидан завқ оламан.
Миразизбек Мирзахалилов: Мадриднинг “Реал” жамоаси мухлисиман. “Ювентус”га ўтиб кетган бўлса ҳам Криштиану Роналду энг севимли футболчимдир.
Улуғбек Ҳақбердиев: Футболга бўлган ишқибозлигим жуда юқори. Нафақат мен, балки кўплаб боксчилар ҳам бу спорт турига жуда қизиқишади. Баъзан ўртамизда ўзаро тортишувлар ҳам бўлиб турарди. Мен Мадриднинг “Реал” клубига ёшлигимдан бери мухлисман. Яна бир қатор боксчилар ушбу жамоанинг ишқибозлари эди. Иқбол Холдоров, Ҳасанбой Дўсматовлар “Барселона”нинг мухлисларидир. Шаҳрам ва Фазлиддин аввал “Реал” шинавандалари эди. Кейинчалик “Ювентус”га ўтиб кетишди.
Шаҳрам Ғиёсов : Криштиану Роналду ва “Ювентус”.
Равшанбек Маҳамматжонов: Криштиану Роналду давридан буён “Реал” жамоасининг ишқибозиман. Ҳозирги кунга келиб, “Ювентус” клуби иштирокидаги ўйинларни ҳам қолдирмай кўриб бораман. Лекин “Реал” мен учун биринчи рақамли жамоа.
Сардор Музаффаров: “Барселона” нинг мухлисиман. Месси эса, севимли футболчим. Унга ўхшагани энди чиқмаса ҳам керак.
Равшанбек Шерматов: “Ливерпуль” ва Муҳаммад Салоҳ.
Фикрлар