Ўзбек бокси тарбияланувчиси Қозоғистон терма жамоаси сафида Олимпиада чемпиони бўлганлигини биласизми?
Маълумки, Ўзбекистон ва ён қўшниларимиз Қозоғистон ҳаваскор бокс борасида жаҳонда ҳар доим етакчилар қаторида эътироф этилиб келинган. Буни амалда ҳам исботлашган ва исботлашда давом этишмоқда. Олимпиада ва жаҳон чемпионатидаги натижалар борасидаги Куба ҳамда Россия гегемонлигига ҳам бу икки қардош мамлакат вакиллари чек қўя олгандилар. Хабарингиз бор, мамлакатимиз чармқўлқоп усталари сўнги йирик турнирлар, жумладан, Рио Олимпиадаси ҳамда Екатеринбургда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида дунёнинг биринчи рақамли терма жамоасига айланган бўлса, қозоғистонликлар 2013 йилда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни олган эди. Хуллас, бу икки юрт боксида жиддий рақобат юзага келган десак, муболаға бўлмайди. Буни бевосита турнирлар мобайнида кўриб гувоҳига айланиб бормоқдамиз. Қолаверса, матбуот ва мухлисларнинг фикр-мулоҳазарида кўришимиз мумкин. Энг асосийси боксчилар орасида ҳам жиддий принципиаллик вужудга келган. Албатта, барчаси соғлом рухдаги рақобат бўлиб, бу ҳар икки юрт боксининг янада ривожланишида асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Яна бир қизиқ жиҳат борки, биз шу ҳақида сўз юритмоқчимиз. Яъни ўз вақтида Ўзбекистонда таваллуд топиб, ўзбек бокс мактаби тарбияланувчиси бўлган бир нечта чармқўлқоп усталари кейинчалик Қозоғистонга кўчиб кетиб, шу юрт шарафини халқаро ареналарда муваффақиятли ҳимоя қилганликларига гувоҳ бўлганмиз.
Қуйида бу борадаги дастлабкиси билан танишинг:
Бахит Абдурахмонович Сарсекбоев
Бахит 1981 йил 29 ноябрда Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Товоқсой қишлоғида таваллуд топган. У 1999-2001 йиллар Чирчиқ Олимпия заҳиралари билим юртида таҳсил олади. Ўзбекистонда халқаро тоифадаги спорт устаси, “Ўзбекистон ифтихори” (25 июл 2002 й., Президент қарори № УП-3110) унвонларига ҳам сазовор бўлган эди. Албатта, у мазкур эътирофларга Ўзбекистон чемпиони, 2002 йил Малайзиянинг Серембан шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионати ғолиби, 2002 йил Пусан шаҳридаги XIV ёзги Осиё ўйинларида бронза медали соҳиби, 2003 йил Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳрида ташкил этилган Афро-Осиё ўйинлари ғолибилигини қўлга киритиши натижасида сазовор бўлганди.
Кейинчалик Қозоғистонга кўчиб кетган Сарсекбоев ушбу юрт терма жамоасидан ҳам ўз ўрнини топиб, ажойиб натижалар соҳибига айланади. Жумладан, 2004 йил Қозоғистон чемпиони, 2005 йил Вьетнамнинг Хо Ши Мин шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионати ғолиби, 2006 йил Дохадаги XV Осиё ўйинлари чемпиони, 2007 йил Мўғулистонда бўлиб ўтган Осиё чемпионати олтин медаль соҳиби, 2008 йилги Пекин Олимпиадасида 69 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритади.
У асосан 64 ва 69 кг вазн тоифаларида рингга кўтарилган. Айни вақтда 39 ёшли ушбу чармқўлқоп устаси Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида истиқомат қилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, у ўз вақтида ажойиб боксчи бўлган.
Давоми бор...
Фикрлар