Ўзбек футболчилари Европа Чемпионлар лигасида порлаши кутиляпти...

Chery Tigo 7 PRO

Европадаги янги мавсумда УЕФА аъзоси – Қозоғистоннинг учта клуби –  “Ордабаси” (Чемпионлар лигаси), “Тобол” (Европа Лигаси) ва “Актобе” (Конференциялар лигаси) халқаро миқёсдаги мусобақаларда иштирок этади.

Ўтган йили ўзбек футболчилари – Бобур Абдухолиқов ва Шаҳбоз Умаров ёрдамида ўз тарихида илк бор Қозоғистон чемпионлигини қўлга киритган чимкентликлар Европа қитъасининг энг нуфузли мусобақаси – Чемпионлар лигасидаги илк рақибини билиб олди.

“Ордабаси” мусобақани биринчи саралаш босқичидан бошлайди. Бу раундда дастлабки ўйинлар 9-10 июль кунлари ташкил этилади. Жавоб учрашувлари 16-17 июлга белгиланган.

Қозоғистоннинг амалдаги чемпиони илк босқичда Молдованинг “Петрокуб” жамоаси билан рақобатлашади. Биринчи учрашув Чимкент шаҳридаги аренада бўлиб ўтади.

Чемпионлик мавсумидан кейин Шаҳбоз Умаров “Ордабаси”да қолишга қарор қилган эди. Юртимизга қайтган Бобур Абдухолиқов ўрнини катта тажрибага эга легионер Жасурбек Яхшибоев эгаллади.

Қўшни мамлакат премьер-лигасида саккизта баҳсда ўз ҳисобига тўртта гол ёздириб қўйган 26 ёшли ҳужумчимиз жамоасининг энг яхши тўпурари ҳисобланади.

Қолаверса, Яхшибоев Европа Чемпионлар лигасида ўйнаш тажрибасига эга. Жасур 2021 йили сентябрда Молдова чемпиони “Шериф” сафида “Сантьяго Бернабеу”да “Реал” дарвозасига супер гол уриб, жамоасининг тарихий ғалабасини таъминлаган эди.

Ўша мусобақанинг гуруҳ баҳсларида Италиянинг “Интер” ва Украинанинг “Шахтёр” жамоаларига қарши майдонга тушган.

Бундан ташқари, Жасурбек Молдова майдонларида бўлажак рақиб – “Петрокуб”га қарши иккита баҳсда иштирок этиб, биттадан гол ва ассист қайд этган.

Шунингдек, Жасур Европа Лигасида Португалиянинг кучли клубларидан бири “Брага” билан бўлган баҳсда бошланғич таркибда иккита ўйин ўтказгани ҳам унинг фойдасига ишлайди.

“Ордабаси”даги иккинчи вакилимиз Шаҳбоз Умаров ҳам УЕФА турнирида ўйнаш тажрибасига эга. Чимкентликлар сафида Конференциялар лигасининг иккинчи даврасида Польша Чемпиони “Легия”га қарши иккала беллашувда ҳам майдонда ҳаракат қилган.

Демак, Чемпионлар лигасининг янги мавсумида Жасурбек Яхшибоев ва Шаҳбоз Умаров халқаро миқёсда ўзини кўрсатишига умид қиламиз.

Ҳусановнинг жамоадоши Мбаппенинг бурнини синдирганидан кейин нималар деди?

Тезкор: Таниқли легионеримиз жамоасини тарк этди!

Легионеримиз туркларни қандай ҳайратга солди?

Ўзбекистондан яна бир жаҳон чемпиони – супербоксчи етишиб чиқмоқда!

Шомуродовни олиш осон бўлмаяпти...

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!