Шомуродовни олиш осон бўлмаяпти...
Мавсум якунларига кўра, А Сериядаги жойини сақлаб қолган “Кальяри” ёз ичи бир неча муҳим масалаларни ҳал қилишига тўғри келмоқда.
Клубнинг асосий муаммоси келаси мавсум жамоа шарафини ҳимоя қиладиган таркибни шакллантириш. Бироқ бу масаланинг ечими янги бош мураббий билан ҳал этилади.
Сардинияликларни қуйи лигадан юқори дивизионга кўтарган ва А Серияда жамоани олиб қолган Клаудио Раньери мураббийлик фаолиятини якунлаганини эълон қилган “Кальяри” раҳбариятини бироз шошириб қўйди.
Клуб мутасаддилари биринчи навбатда ҳужум чизиғида қайси футболчилар ўйнашига ойдинлик киритиб олиши керак. Бу позиция вакилларидан бир нечтасининг шартномаси тугаган, яна бир гуруҳи бошқа клублардан ижарага олинган ва айнан уларнинг келажагига тезроқ ойдинлик киритиш талаб этилади.
Италия футболини ёритаётган бир неча манбалар “Кальяри”ни А Сериядаги ўрнини сақлаб қолишга салмоқли ҳисса қўшган Элдор Шомуродовнинг келажаги ҳақида ёзди.
Sports.uz портали ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига Италия оммавий ахборот воситаларининг “Кальяри” ва Элдор Шомуродов ҳамкорлиги ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини ҳавола этади.
La Gazzetta dello Sport:
Элдор Шомуродовнинг келажаги ҳозирча мавҳум бўлиб турибди. Ўзбек ҳужумчиси А Серияда 22 та учрашувда учтадан гол ва ассист қайд этганди. Бу ўйинчи бўйича якуний қарор ҳар қандай ҳолатда ҳам жамоага янги бош мураббий тайинланганидан кейин қабул қилинади.
Шу билан бирга “Рома” клуби Элдор Шомуродовнинг трансфери учун қўйган 10 миллион евро атрофидаги сумма “Кальяри”га баландлик қилмоқда. Вазиятни кузатиб борамиз ва жарқўрғонлик йигитнинг “Кальяри”да қолиши ҳал бўлишига мухлисларни хабардор қиламиз.
TUTTOmercatoWEB.com:
Шомуродов Раньерисиз қолди. Ҳозирча, 28 ёшли ўзбек футболчисининг “Кальяри”даги келажаги ҳақида аниқ бирор нима деб бўлмайди. Уни қўллаб-қувватлаб келган ва жамоада олиб қолмоқчи бўлган Клаудио Раньери энди клубда йўқ.
Шомуродов трансферига 10 миллион евро миқдорида сармоя киритиш ўринлими?
Бу саволга жавоб Элдорнинг ҳужумдаги шерикларига ҳам боғлиқ. Зито Лувумбо жуда кўп таклифлар оляпти ва Сардинияда қолиши даргумон. 35 ёшли Леонардо Паволеттининг жисмоний ҳолати барқарорлигига ҳеч қандай кафолат йўқ. Андреа Петанья ва Жанлука Лападула бўйича ҳам шунга ўхшаш вазият.
La Nuova Sardegna:
“Кальяри” ҳужумни қўллаб-қувватлаб келган Наитан Нандез билан хайрлашди. Марко Манкосу жисмоний ҳолати туфайли бутун чемпионатни ўткзиб юборди. Николас Виоланинг шартномаси тугаяпти.
Ҳужум вакилларидан фақатгина Жанлука Лападуланинг яна икки йиллик шартномаси бор. Келаси мавсум олдинги чизиқда унга ёрдам бера оладиган ҳужумчи керак.
Элдор Шомуродов, Жанлука Гаэтано ва Андреа Петаньянинг ижара шартномаси тугади. Улардан бирини олиб қолиш осон бўлмайди.
Фикрлар