Ўзбек футболчиси жамоадан кетади, уни Европа ва ер куррасининг нариги бурчагида кутишяпти!

Ўзбек футболининг ёрқин тарбияланувчиларидан бири Умарали Раҳмоналиевнинг профессионал фаолиятида жиддий ўзгариш бўлиши кутилмоқда.

Майдонда бир неча позицияда ўйнай оладиган 21 ёшли ярим ҳимоячи 2022 йилнинг ноябридан бери Россия чемпионати иштирокчиси “Рубин” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.

Таъкидлаш жоизки, истеъдодли футболчимиз ҳали ёшлиги ва рақобат кучлилиги боис Россия Премьер-лигасида етарлича ўйин амалиётига эга бўлмаяпти. Хусусан, жорий мавсумда Умарали чемпионатда икки маротаба майдонга тушиб, эами 78 дақиқа тўп тепди.

Россия кубоги доирасида Рашид Раҳимов уни беш бор синовдан ўтказди. Легионеримиз 438 дақиқа ўйнаб, битта ассист муаллифи ҳам бўлди.

Табиийки, бу кўрсаткичлар ва берилаётган имконият ўйинчининг ўсиши учун етарли эмас. Унинг тенгдоши Аббосбек Файзуллаев 2024 йил давомида Россия Премьер-лигасида энг кўп – 3942 дақиқа майдонда ҳаракат қилиб, ўзига хос рекорд ўрнатди.

Ёки ундан бир ёш кичик бўлган Абдуқодир Ҳусанов Франциянинг энг зўр ҳимоячиларидан бирига айланган ва мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиб келмоқда.

Россиядаги нуфузли манбалардан бири –   championat.com порталининг ёзишича, 2025 йилнинг бошидан Умарали Раҳмоналиев фаолиятида ўзгариш қилишни режалаштирмоқда.

Легионеримиз манфаатларини ҳимоя қилаётган агентлардан Рауль Абдураҳмонов футболчи қишки трансферлар ойнаси даврида Қозон клубини тарк этишга тайёрлигини маълум қилди.

- Катта эҳтимол билан Умарали Раҳмоналиев қишда ижарага берилади ёки тўлиқ трансфер қилинади. Ҳаммаси, бошқа клублар унга қай даражада қизиқиш билдиришига боғлиқ.

Ҳозирча аниқ шакллантирилган таклиф йўқ. Лекин қизиқаётганлар бор. Улар мақсадларига аниқлик киритиб олишини кутяпмиз. Айни пайтда Раҳмоналиевга қизиқаётган икки клуб бор, бири Австралиядан, иккинчиси Туркиядан.

Биз “Рубин” билан бу масалани муҳокама қилдик. Мен Москвага бориб, Раҳмоналиевнинг келажагини муҳокама қилдим. Биз уни ижарага бериш ёки ҳар томон учун мақбул нархда трансфер қилиш бўйича келишиб олдик, - деди Раул Абдураҳмонов.

Эслатиб ўтамиз, асли наманганлик Умарали Раҳмоналиев  “Бунёдкор” академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. “Қардирғочлар” сафида Ўзбекистон  Суперлигасида ҳам иштирок этиб, ўз ҳисобига саккизта гол ва битта ассист ёздириб қўйган.

“Рубин”га кўчиб ўтганидан бери 27 та ўйинда майдонга тушди ва иккита ассист қайд этди.

Раҳмоналиев Ўзбекистоннинг 19, 20, 23 ёшгача бўлган футболчилардан таркиб топган терма жамоаларида ўйнаб келади. Умарали сардорлик қилган Ўзбекистон U-20 терма жамоаси 2023 йили Осиё чемпионатида ғолиб чиқиб, Аргентинадаги жаҳон чемпионатида иштирок этди.

2024 йилнинг бошида Умарали Ўзбекистон U-23 терма жамоаси билан Қатардаги Осиё кубогида иккинчи ўринни эгаллаб, ёзда ўзбек футболи тарихида илк бор Париждаги Олимпия ўйинларида қатнашди.

Абдуқодир синовдан яхши ўтди: Суперклуб Ҳусановни кутяпти!

Файзуллаев Россияда, Ҳамробеков Ўзбекистонда йил рекордини ўрнатди!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Давлат
23/12/2024 17:28
Hurmatli admin, er qurrasi emas yer qurrasi ,o'ladi.
Pardayev Shavkat
23/12/2024 20:27
"Ўзбек футболчиси жамоадан кетади, уни Европа ва ер куррасининг нариги бурчагида кути шяпт".
Ўта тўмтоқ сарлавҳа. Европа ва ер куррасининг нариги бурчаги қаер? Америками? Агар шундай бўлса бу ёлғон хабар. шарнинг бурчаги бўлмаслигини наҳот билишмаса?! Ғовлаганлар.