Абдуқодир синовдан яхши ўтди: Суперклуб Ҳусановни кутяпти!
Абдуқодир Ҳусанов “Ланс”да юқори савияда ўйин кўрсатаётганидан бери бу жамоа легионеримизни узоқ ушлаб қола олмаслиги тобора ойдинлашиб бормоқда.
20 ёшли ўзбек ҳимоячисига биринчилардан даъвогарга айланган клуб “Пари Сен-Жермен” бўлади. Парижликлар мавсум бошидан бери бу ҳимоячининг ўйинларини кузатиб келмоқда.
Франция футболини ёритиб келаётган қатор манбалар, хусусан le10sport.com портали ПСЖнинг Абдуқодир Ҳусановга бўлган қизиқиши атрофидаги янги маълумотларни мухлислар эътиборига ҳавола этди.
- Абдуқодир Ҳусанов ҳақиқий феномен. У ПСЖга кўчиб ўтиб, яқин келажакда жамоанинг ҳозирги сардори Маркиньоснинг ўрнини босиши мумкин.
Бу ҳимоячи 20 ёшидаёқ “Ланс” юлдузига айланди. У жамоада умрбод қолишга лойиқ. Лекин кўп клублар бунга йўл қўймоқчи эмас. Айниқса, ПСЖ. Пойтахт клуби ҳимояга янгилик олиб кирадиган ўйинчи қидиряпти. Улар ўз эҳтиёжини Ҳусанов ёрдамида қондириши мумкин, - деб ёзмоқда le10sport.com портали эксперти Тибо Морлен.
Ўз навбатида, “Ланс” ва “Пари Сен-Жермен”да ўйнаган собиқ футболчилар ҳам Абдуқодир Ҳусанов трансфери борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Даниэль Морейре, “Ланс” собиқ футболчиси:
Абдуқодир Ҳусанов “Ланс”да жуда катта ўсишга эришди. Мен уни энди “Пари Сен-Жермен”да кўрмоқчиман. Бу ҳимоячи рақибга қарши муросасиз ўйнайди. Иккиланмай ҳаракат қилади. Орқа чизиқда ўзини жуда хотиржам тутади. Ҳужумни яхши бошлаб бера олади. ПСЖда фаолиятининг сўнгги босқичини ўтказаётган Маркиньоснинг ўрнини айнан Абдуқодир Ҳусанов эгаллаши керак, деб ўйлайман.
Луис Фернандес, ПСЖ собиқ футболчиси:
“Ланс”да ўйнаган футболчи бироз эркинроқ ҳаракат қилишга кўниккан бўлади. ПСЖда эса, муайян босим бор.
Чунки парижликлар янги ўйинчи олишдан аввал уни синчиклаб ўрганиб чиқишни маъқул кўради. Айрим футболчилар бу жамоага келганидан кейин улардан кутилган ўйинни намойиш қила олмай қолган вазиятлар ҳам кузатилган.
Абдуқодир Ҳусановнинг сифати ҳаммага маълум. Ўз жамоасининг тизимини ушлаб турибди, бу жамоада ёрқин порлаяпти. Энди у янада ўсиши ва кучлироқ бўлиши талаб этилади.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов “Бунёдкор” академиясида тарбияланган. Профессионал фаолиятини Беларуснинг “Энергетик-БГУ” жамоасида бошлади.
2023 йилнинг ёзида Франциянинг ўша пайтдаги вице-чемпиони “Ланс” Европа учун нотаниш бўлган ёш футболчини олиб келгани анча овоза бўлди. Шу тариқа, Абдуқодир Франция чемпионатида иштирок этган биринчи ўзбек футболчиси сифатида тарихда ном қолдирди.
Transfermarkt портали 2024 йил якунларига кўра Франция чемпионатидаги айрим футболчиларнинг трансфер нархини янгилаганда, Абдуқодир Ҳусановни 12 минг еврога баҳолади. Бу кўрсаткич бўйича 20 ёшли ҳимоячи нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг энг қимматбаҳо ўйинчисига айланди.
Фикрлар