Ўзбек футболчиси “Манчестер Сити”ни ҳам қизиқтириб қўйди...
Ўзбекистонлик Абдуқодир Ҳусанов 24 июль куни расман “Ланс” футболчисига айланди. 19 ёшли марказий ҳимоячи Франция вице-чемпиони билан тўрт йиллик шартнома имзолади.
Бу трансфер кўпчиликнинг диққат марказида турибди. Жаҳон оммавий ахборот воситаларида истеъдодли футболчи Абдуқодир Ҳусановнинг профессионал фаолиятига доир қизиқарли фактлар эълон қилинмоқда.
Sports.uz портали ушбу маълумотларни ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.
Абдуқодир Ҳусанов Франция чемпионатига йўл олган биринчи ўзбек футболчиси. Бундан ташқари, “Энергетик-БГУ”да ўйнаган легионеримиз Беларусь чемпионатидан Европанинг кучли бешлик чемпионатлари совриндори бўлган клубга тўғридан-тўғри кўчиб ўтган ягона футболчига айланди.
Абдуқодир Беларусга 2021 йили февралда ҳали 17 ёшлигидаёқ келган. Маълумотларга қараганда, уни “Энергетик-БГУ”га ўзбекистонлик футбол агенти Улуғбек Асанбоев олиб келган. Бу агент минсклик талабаларга Жасур Яхшибоев ва Бобур Абдухолиқовни ҳам трансфер қилинишида иштирок этган эди.
Беларусь футболидаги қоидага кўра, 18 ёшга тўлмаган легионер футболчи профессионал лигада рўйхатдан ўтказилмайди. Бунинг ягона йўли – истисно тариқасида ФИФАдан рухсат олиш эди. Бироқ, клубнинг ҳам, агентнинг ҳам бу борадаги ҳаракатлари самара бермади. Халқаро ташкилотдан рухсат келгани йўқ.
2022 йили Абдуқодир 18 ёшгача тўлиши билан “Энергетик-БГУ” раҳбарияти “Бунёдкор” тарбияланувчисини Беларусь чемпионатида иштирок этиши учун рўйхатдан ўтказди. Ўйинчига таклиф этилган шароитлар кулгули бўлди. Ҳусановнинг маоши 100 доллар атрофида белгиланди. Унга маблағ масаласида агенти ёрдам бергани айтилмоқда.
Ҳусанов дебют мавсумида “Энергетик-БГУ” таркибида 29 та ўйин ўтказиб, учта гол ва тўртта ассист қайд этди. Ўша пайтдан бошлаб, ўзбек ҳимоячисига хориж клублари эътибор қарата бошлади. Ўтган мавсумдан кейин Россия Премьер-лигаси вакиллари – “Спартак”, “Локомотив” ва “Сочи” Ҳусановни сўради. Европани кўзлаган футболчи ҳам, унинг агенти ҳам бу таклифларни қабул қилмади.
2023 йилги мавсумни “Энергетик-БГУ” сафида бошлаган Абдуқодирни Европа клублари кузатаётган эди. Айниқса, март ойида 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати Ҳусанов учун кўрик вазифасини ўтади. Турнирда ғолиб чиққан Ўзбекистон олтита ўйинда атиги битта тўп ўтказди. Бунда Ҳусановнинг ҳимоядаги етакчилиги муҳим бўлди.
Бу ғалаба Ўзбекистон терма жамоасининг май ойида Аргентинада ташкил этилган 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатига олиб чиқди. Ўзбекистон қийин гуруҳдан муваффақиятли чиқиб, 1/8 финалга чиқди. Ҳусанов тўртта ўйинда тўлиқ қатнашди.
Ишончли манбалар тарқатган маълумотларга кўра, жаҳон чемпионатида Ҳусанов “Ланс” ва “Манчестер Сити” скаутлари эътиборига тушди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Абдуқодир нафақат ўз терма жамоасида, балки жаҳон чемпионатининг бошқа иштирокчиларидан мукаммал ўйини, жисмонан яхши ривожлангани, юқори техникаси, майдонни яхши кўра олиш қобилияти ва ақлу идроки билан кескин ажралиб турли ва айнан мана шу омиллар сабабли кўп клублар назарини қозонди.
Жаҳон чемпионатидан кейин Абдуқодир Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги фаолиятини бошлаб юборгани ҳам бежиз эмас, албатта.
Экспертлар Европа клублари ўзбек футболчисини Беларусь чемпионатидаги ўйинларини бевосита кузатмагани ва фақат видеоларда кўрганини айтмоқда. Асосий кузатиш ишлари футболчимизнинг терма жамоалардаги иштироки орқали бўлган.
“Ланс” июнь ойида “Энергетик-БГУ”га Ҳусановни сўраб мурожаат қилди. Манбаларга кўра, “Манчестер Сити” ҳам келажакда бу футболчини олиш фикридан қайтгани йўқ. Абдуқодир Ҳусанов бирданига “катта сакраш” қилишни истамаган ва фаолиятини босқичма-босқич ривожлантириш мақсадида “Ланс” вариантини танлади.
“Ланс” клуби Абдуқодирни Франция чемпионати бошлангунга қадар ўз сафига қўшиб олишни истади. Шу боис, французлар ўйинчининг “Энергетик-БГУ” билан шартномаси тугашини кутмасдан трансферни амалга оширди. Томонлар бу ишни 100 минг еврога ҳал қилди.
Ҳусановнинг “Ланс”даги маоши қанча бўлиши ҳақида аниқ маълумот йўқ. Европа футболи мутахассислари француз клуби ёш ўйинчига ҳар ой 15-20 минг евро тўлаши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
“Ланс” нега айнан Ҳусановни трансфер қилди?
Ҳусановни “Ланс” раҳбарияти ва мухлислари қандай қарши олди?
Президент Шомуродов трансферини тасдиқлади!
Фикрлар