“Ўзбек Жеки Чани” Америкада!
Ads

Абдуғафур Исломовни кўпчилик “Ўзбек Жеки Чани” сифатида кашф этган. Чаққон ва эгилувчан, акробатик элементларни моҳирлик билан бажарадиган Абдуғафур билан қарийб йигирма йилдан бери танишмиз. Унинг спортчи ва мураббий сифатидаги фаолияти эътибор марказимда бўлган.

Уч йилдан бери Америкада истиқомат қилаётган Абдуғафурни мамлакатимизда турон яккакурашини оммалаштириш, маҳоратли спортчилар етишиб чиқишида жонбозлик кўрсатган фидойи инсон сифатида биламан. Уммонортида ҳам тиним билгани йўқ. Тез-тез қўнғироқлашиб турамиз. Бизда кундуз, у томонда ярим тун бўлса-да, қилаётган ишларини тўлқинланиб гапириб беради.

«2017 йил биз учун тарихий йил бўлди — Америкада биринчилардан бўлиб, шогирдим Равшан Алматов билан биргаликда турон яккакураши спорт клубини давлат рўйхатидан ўтказдик» - дейди у.

«2015 йил сайёҳ сифатида келиб, бу қитъани ўзим учун кашф этган эдим. Орландо шаҳрида бўлиб ўтган халқаро турнирда турон яккакураши бўйича кўргазмали чиқишда иштирок этганимда, мутахассислар катта қизиқиш билдиришди ва ўз федерацияларига аъзо қилиб олишди. Шундан бери АҚШнинг барча штатларида бўлиб, туронни тарғиб этиб юрибман.

Бу вақт ичида инглиз тилини ўрганиб, Америкадаги спорт клублари билан фаолияти билан танишган Абдуғафурнинг айни пайтдаги асосий мақсади кичикроқ бўлса ҳам илк мусобақа ўтказиш.»


Аввало, турон яккакураши қандай спорт тури?!

Ер юзида қанча тарихий халқ бўлса, уларнинг барчасида ўз-ўзини ҳимоя қилиш учун махсус жанговор тайёргарликлар ўтказилади. Гарчи кўриниши бир-бирига яқин, аммо қўллаш усули турлича кўринишлар қудратли давлатни шакллантириш учун хизмат қилган. Бугунда спорт тури кўринишини олган яккакураш турларида шундай хулоса қилсак бўлади.

Буюк соҳибқирон Амир Темур ҳар бир юриши чоғида қўшинларини махсус тайёргарликдан ўтказади. Талабга жавоб берганлари эса, қўшиннинг олд ва қуйи қисмини эгаллайди. Соҳибқирон қўшинлари юксак жанговор тайёргарликка эга эканлигини ўша давр тарихчилари ҳам, мумтоз адабиёт намоёндалари ҳам тасдиқлашади.

Минг йиллар давомида шаклланган жанговор кураш усуллари бугунги халқларни ҳам ҳайратга солди. Кўплаб спорт мутахассислари уларнинг қонун-қоидаларини ишлаб чиқишди ва профессионал спорт турига айлантиришди. Ўнлаб шарқ халқлари қаторида ўзбек мутахассисларидан бири Баҳодир Саидов узоқ ўтмишнинг бебаҳо саҳифаларида қолган ноёб маънавий дурдоналарни ўрганиб чиқди. Уни ҳайратга солган жиҳат туронлик жангчиларнинг бошқа шарқ миллатлари каби мураккаб элементга эга жиҳатлари борлиги бўлди. Истиқлолнинг дастлаб йилларида бор эътиборни уни ўрганиш, тадқиқ этишга қаратди.

* * *

Исломов Абдуғафур Абдужабборович 10 ёшидан бошлаб ушу бўйича шуғуллана бошлаган. Кўплаб халқаро мусобақалар иштирокчиси.

1991 йилнинг февралида Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида бўлиб ўтган собиқ иттифоқ биринчилигида 1-ўринни қўлга киритгани унинг келажагини белгилаб берган бўлса, не ажаб!

Абдуғафур 2006 йил Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида бакалавр, 2008 йил магистратура йўналишида таҳсил олди.

Турон яккакураши бўйича халқаро тоифадаги мураббий, ҳакам ва халқаро тоифадаги спорт устаси. Бир неча бор Ўзбекистон ва Осиё чемпиони, халқаро турнирлар ғолиби ва совриндори.

2003 йилдан бошлаб республикамиздаги турли олимпия захиралари коллежларида турон яккакураши бўлимлари очилиб, ўрта маълумотга эга мутахассис кадрлар авлоди етишиб чиқди. Улар орасида пойтахтимиздаги Республика Олимпия захиралари коллежининг аҳамияти ниҳоятда катта. Абдуғофир Исломов мураббийлик қилаётган бўлимда ўндан ортиқ иқтидорли спортчилар етишиб чиқа бошлади. Айни пайтда улар мамлакатимиз бўйлаб ёшларни ушбу спорт турига жалб этмоқда.

Жанговор ҳисобланган турон спорт турини дунё бўйлаб оммалаштириш учун, аввало, ўша халқ ичига кириб бориш, ушбу спорт турининг мақсад-моҳияти ва фалсафасини намойиш этиши керак. Бу ўзгармас қоидага Абдуғафур ҳам амал қилди. 2011 йил Хитойнинг Пекин шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон жанговор спорт турлари фестивали ва кўпкураш мусобақаларида кўргазмали чиқишлари билан иштирок этди.

Спорт тури қонун-қоидалари яқин, анча оммавий бўлган самбо бўйича ҳам халқаро турнирларда қатнаша бошлади. 2011 йил Словакиянинг Братислава шаҳрида ўтказилган жанговор самбо бўйича халқаро турнирда кумуш, самбо бўйича эса олтин медални қўлга киритди. Айни ушбу турнирда 2012-14 йиллар оралиғида ҳам қатнашиб, юксак спорт маҳоратига эга эканини кўрсатди.

2014 йил Жанубий Корея Улсан шаҳрида HAPKI YU SUL ва HAPKIDO спорт турлари бўйича халқаро турнирда ҳам қатнашишига тўғри келди. Мусобақада ғолиб бўлган Абдуғафур 4 ДАН қора белбоғ соҳиби бўлди.

У Словакия ва Жанубий Кореядаги мусобақаларда медалларни қўлга киритиш учун боргани йўқ. Асосий мақсад ўша халқларга яқин бўлган спорт турлари орқали турон яккакурашини оммалаштириш эди. Ўша ердаги етакчи мутахассислар билан илиқ муносабатлар ўрнатди, ҳамкорликка чорлади. Ўз навбатида, уларга ҳам миллий спорт туримиз манзур бўлди. Натижада 2011 йилда Чехиянинг Прага шаҳрида Европа турон яккакураши ассоциацияси ва  2016 йилда Латвияда Бутунжаҳон турон уюшмаси (World Union Turon) ташкил топди.

АҚШдаги дастлабки қадамлар ҳам ёмон бўлмади. А.Исломов 2016 йил май ойида Чикагода бўлиб ўтган самбо бўйича Америка очиқ чемпионатида кумуш медални қўлга киритди.

Сеҳрли диёрда инсон ўз ўрнини топиши осон эмас. Абдуғафур Осиё ва Европада тўплаган тажрибалари боис Америкага тез мослаша олди. Ҳар ойда турли жанговор спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этилади. У ҳаммасида қатнашишга, бу орқали мухлисларни турон яккакурашига жалб этишга ҳаракат қилади.

Ҳаракатлар бесамар кетмади. Айни пайтда АҚШнинг 14 штатида турон яккакураши тарғиботи муваффақиятли амалга ошди. У ерда илк шуғулланувчилар ўзбек спорт тури билан шуғулланяпти.

«Ватандан олисда юрт қадри билинар экан» - дейди у. «Бу ерга турон яккакурашини оммалаштириш учун келгандим. Ватанпарварлик ҳиссиётлари устун келиб, миллий қадриятларимизни, кураш ва белбоғли кураш қонун-қоидаларини ҳам ўргатиб боряпман. Албатта, хайрли ишларимиз тез орада самара берса керак.»

* * *

«2018 йил май кунлари Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтадиган "USA Open Sambo Championship» ва 2018 йил июль ойида Орландо шаҳрида бўлиб ўтадиган "U.S. Open ISKA World Martial Arts Championships» хамда 2018 йил 14 октябрда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтадиган "US Open Martial Arts Championship" мусобақаларида иштирок этишни режалаштирганмиз» - дейди Америкада мураббийлик фаолиятини олиб бораётган шогирдларидан Равшанбек Алматов.

«Абдуғафур акам ҳозир Флорида штатида турон яккакураши бўйича “ABIS Turon sport academy” очишга ҳаракат қиляпти. Мақсадимиз — яқин 2 йил ичида Америка Турон яккакураши ассосиациясини давлат рўйхатидан ўтказиш ва жаҳон чемпионатини ташкил этиш! »

Ҳа, шундай. А.Исломов нафақат спортчи, балки тажрибали мураббий, жонкуяр устоз ҳам. 18 йиллик мураббийлик фаолияти давомида кўплаб малакали ва юқори тоифали спортчиларни тайёрлаб келмоқда.

У фаолиятини илмий-методик ишлар билан биргаликда олиб бормоқда. У 2 та ўқув дастури ва турон якка кураши бўйича спортчи ва мураббийларни тайёрлаш бўйича ўқув қўлланма муаллифидир.

40 ёшни қаршилаган Абдуғафур ҳамон изланишда. Олис диёрда қалбидаги эзгу мақсадларини тезроқ амалга ошириш учун дунё кезмоқда. Фидойи мураббийга куч-қувват ва омад тилаймиз.

Фазлиддин Сатторов