"Ўзбек класикоси" ёхуд "Нефтчи" водийда "Пахтакор"га қарши саф тортади (превью)
Суперлиганинг 15-турида мухлислар "ўзбек класикоси"га гувоҳ бўлишади.
Чемпионатларимиздаги энг жиддий қарама-қаршилик саналган "Нефтчи" ва "Пахтакор" тўқнашуви Яйпанда бўлиб ўтади. Ҳар икки клуб ўзаро ўйинларда бир-биридан энг кўп очко тортиб олгани ҳам жамоаларнинг ўзаро ўйинга қандай муносабатда бўлишини кўрсатади.
Жамоалар чемпионатлар тарихида 55 ўйин ўтказишган. Кичик устунлик "Пахтакор" тарафида - 26 ғалаба, 9 дуранг ва 20 мағлубият. Рақиб дарвозасига 92 тўп киритган "шерлар" 67 тўп ўтказиб юборган. Фарғонадаги беллашувларнинг 15 тасида "Нефтчи" устун келган бўлса, 5 баҳсда "Пахтакор" ғалаба қозонган. Етти ўйин дуранг билан тугаган. Пойтахтликлар 10 бор рақибни йирик натижа билан доғда қолдиришга эришган бўлса, "Нефтчи"да бундай ғалабалар сони 3 тани ташкил қилади.
Шунингдек, клублар Ўзбекистон Кубогида 15 учрашув ўтказган ва "Пахтакор" уларнинг 12 тасида устун келган. 3 беллашувда фарғоналикларнинг ютуғи кузатилган. "Пахтакор-79" хотира турнири ва "Тошкент халқаро турнири" финалларида ҳам жамоаларнинг тўқнашуви рўй бериб, уларда Тошкент клуби муваффақиятга эришган.
"Пахтакор"нинг энг йирик ғалабаси 6:0, "Нефтчи"да эса 4:0 ҳисобланади. Рустам Дўрмонов ўзаро учрашувларда 12 тўп киритган. Шуҳрат Мақсудов ва Темур Кападзе ҳар икки жамоа таркибида гол урган ўйинчилар саналади.
"Нефтчи" ва "Пахтакор" ўртасидаги ўзбекона мумтоз тўқнашув 12 август куни Яйпандаги "Ўзбекистон" стадионида соат 19:00 да бошланади.
Манба: "Пахтакор" ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар