Ўзбек легионери ҳали Европада ҳам порлайди!
Шаҳбоз Умаров – Беларусь чемпионатида кетма-кет икки йилдан бери муваффақиятли тўп сурмоқда. Бу мамлакатдаги экспертлар ўзбек легионерини Беларусда узоқ вақт ушлаб туриш қийинлигини ва яқин келажакда Европанинг кучлироқ чемпионатларига ўтиб кетишини таъкидламоқда.
Беларусь тарихида энг кўп чемпион бўлган БАТЭ 2020 йилги мавсумда “Энергетик-БГУ”дан икки марта мағлубиятга учради. Солигорскдаги учрашувда Жасур Яхшибоев, Борисовдагисида Шаҳбоз Умаров БАТЭни тиз чўкдирди. Айниқса, Шаҳбознинг узоқ масофадан жарима зарбасини БАТЭ дарвозасига жойлаб қўйгани ютубда 50 мингдан ортиқ томошабин эътиборини қозонди.
БАТЭ ўтган ёзда ҳар икки футболчига таклиф юборди. Шаҳбоз билан келишиш осон бўлди ва у янги мавсум бошида борисовликлар таркибига қўшиладиган бўлди. Жасур ўтган йилнинг ёзида молиявий масалада келиша олмади ва “Шахтёр” ўтиб, бу жамоани чемпион қилганидан яхши хабардормиз.
БАТЭнинг ўша пайтдаги бош мураббийи Кирилл Альшевскийга Умаровнинг тезкорлиги, ҳар икки оёқда кучли зарба бериши, техникаси ва пас ошириш маҳорати жуда маъқул келганди. Беларусь футболидаги инсайдер Владислав Татурнинг таъкидлашича, БАТЭ ярим ҳимоячимиз трансфери учун 100 минг евро сарф қилган. Умаровнинг талаблари ҳам камтаргина эди.
Шаҳбоз ўтган йили “Энергетик-БГУ”да учта позицияда ўйнади. У аввал ҳимояга ёрдам берди, кейинроқ майдон марказидан бошлаб, ҳар икки қанотдан ҳужум уюштириш вазифасини олди, Жасур Яхшибоев кетганидан кейин иккинчи даврада олдинги чизиқда ўйнади.
БАТЭ ёш футболчини аниқ бир позиция учун олмади. Аввалги мураббий Кирилл Альшевский қўллаган тактик схемада Шаҳбоз ҳужумкор ярим ҳимоячи сифатида ўртадан ҳам, қанотдан ҳам жой олиши мумкин эди.
Борисовликларнинг ҳозирги устози Виталий Жуковский жамоани 4-2-3-1 схемасига ўтказди ва бунда Умаров фақат қанотлардан бирида тўп тепиши лозим бўлади. Бу ҳолат Умаров учун муаммо эмас. У ҳар икки қанотда яхши ўйнайди.
2021 йилги чемпионатни таҳлил қилиб бораётган экспертлар Шаҳбоз Умаровга қанот ҳужумчиси амплуаси кўпроқ мос келишини таъкидламоқда. Ҳозиргача легионеримиз БАТЭ футболчилари орасида ўйин вақти бўйича (519 дақиқа) ўнинчи ўринда. Лекин шунга қарамай, фойдалилик коэффиценти юқори. У тўртта гол урди. Сўнгги зарба учун қулай пас оширишда ва муваффақиятли дриблинг ишлатишда лигада етакчи, ҳаводан аниқ тўп узатишда, яккакурашларда ғолиб чиқишда ва тезкор ҳужумга ўтишда иккинчи кўрсаткич соҳиби бўлди. Шунингдек, жарима майдончасида тўпга тегиниш, зарбалар сони, ҳаракат вақтида аниқ тўп оширишда ҳам етакчилар қаторида бормоқда.
Экспертлар Шаҳбозни лигада голли вазиятлар яратишда энг маҳоратли футболчилардан бири эканини таъкидламоқда. Бундан ташқари, ҳамюртимиз аниқ пас ошириш, дриблинг, стандарт вазиятлардан фойдаланиш бўйича ҳам юқори кўрсаткичларни қайд этмоқда.
Жорий мавсумнинг дастлабки 10-та учрашувида Шаҳбоз Умаров гол+пас тизими бўйича ўтган йили “Энергетик-БГУ”да қайд этган натижасини (4 та гол+ 3 та пас) такрорлади. Бу натижага мунтазам бошланғич таркибда майдонга тушмай ва рўза тутган ҳолда эришганини алоҳида тилга олиш керак. Бундан буёғига у бошланғич таркибдан муқим жой олиши кутилмоқда.
Шаҳбознинг шиддатли ва етакчиларга хос ўйин услубига эга эканини инобатган олган маҳаллий мутахассислар БАТЭ бу легионерни узоқ вақт ушлаб қола олмаслигини ва уни Европанинг кучлироқ чемпионатига трансфер қилиш орқали мўмай даромад олишни кўзлаётганини ёзмоқда.
Дарҳақиқат, Шаҳбоз Умаров Беларусь чемпионатидаги ўйинлари орқали Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамовнинг ҳам эътиборини қозонган эди. Яқинда Вадим Карленович Беларусга бориб, унинг ўйини кузатиб келди. Умаров терма жамоамиз келажаги учун яхши захира сифатида эътироф этилмоқда.
Фикрлар