Ўзбекистон биринчи МДҲ давлатлари ўйинларида 240 нафар спортчи билан иштирок этади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 16-апрелдаги “Халқаро шартномаларга қўшилиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатларининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланган.
Шунингдек, МДҲ мамлакатлари ўйинларини ўтказиш ғояси Россия Федерацияси томонидан илгари сурилган. Бу таклиф 2018-йил 28-сентябрда Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида ўтказилган МДҲ давлатлари раҳбарлари Кенгаши йиғилишида қўллаб-қувватланган.
Шунга мувофиқ, жорий йил 4-11 сентябрь кунлари Россиянинг Қозон шаҳрида биринчи Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари ўйинлари бўлиб ўтади.
Унда МДҲга аъзо 10 та (Россия, Арманистон, Озарбайжон, Молдова, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон) давлатдан жами 2 000 нафар иштирокчи (шундан 1 500 нафари спортчи) иштирок этиши кутилмоқда. Спортчиларнинг ёши 14дан 23гача бўлиши қатъий белгилаб қўйилган.
Биринчи МДҲ давлатлари ўйинлари дастуридан спортнинг 16 та тури, яъни бокс, стол тенниси, эркин ва юнон рум кураши, белбоғли кураш, корэш, самбо, дзюдо, муай-тай, каратэ, баскетбол, ўқ отиш, бадминтон, футбол, рақс спорти ва бадиий гимнастика ўрин олган бўлиб, иштирокчилар 182 та медаллар жамланмаси учун курашади. Баҳсларни 400 нафар ҳакам бошқариб борса, ўйинларнинг хавфсиз ўтишини таъминлаш учун 10 000 нафар волонтерлар жалб этилиши режалаштирилган.
Ушбу ўйинларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – халқлар ўртасида анъанавий тарзда ўрнатилган дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни амалга оширишдан иборат.
Маълумот учун: биринчи МДҲ давлатлари ўйинлари учун Ўзбекистон спорт делегацияси таркиби 240 нафарни ташкил қилиб, вакилларимиз 15 та спорт туридан баҳсларда иштирок этади. Вакилларимиздан 55 нафарини яккакураш турлари вакиллари ташкил этади.
Фикрлар