"Ўзбекистон чемпионатида оддий жамоанинг ўзи қолмади" ёхуд Шохруҳ Гадоев АГМКда қолишига ким сабабчи бўлганини айтди

Чемпионатимиз фаворитларидан бири – АГМК клуби кутилмаганда Суперлиганинг янги мавсумини иккита мағлубият билан бошлади. Ўз таркибида тажрибали ўйинчиларга эга бўлган жамоанинг муваффақиятсиз стартини кўпчилик тасодифга йўймоқда ва тез орада юқори ўринларга чиқишини тахмин қилмоқда.

Ўтган мавсумдан бери мазкур клуб шарафини ҳимоя қилиб келаётган ярим ҳимоячи Шоҳруҳ Гадоев АГМКнинг кетма-кет иккита мағлубияти хусусида шундай деди:

- Тўғри, чемпионатни жуда омадсиз бошладик. Афсуски, иккита турда иккита мағлубиятга учрадик. Бундай натижани биз учун ниҳоятда кутилмаган ҳолат деса ҳам бўлади. Мавсумнинг биринчи турида ҳакамнинг қарорлари ва ўзимизнинг хатоларимиз билан ютқаздик. Иккинчи турга келсак, мен дисквалификация сабабли жамоамга ёрдам бера олмадим. “Локомотив”га қарши учрашувни стадиондан томоша қилдим. Айтишим керакки, кучли ўйин бўлди. Ўша куни омад “Локомотив” тарафида эди. Шу боис улар ғалаба қозонди.

гадоев_2

Ёдингиздан кўтарилмаган бўлса, Гадоев чемпионатнинг 1-турида Бекободда “Металлург” билан ўтказилган учрашувда ҳакам томонидан майдондан четлатилганди. Учрашувдан кейин АГМК клуби ўша ўйинни бошқарган ҳакамлар устидан арз қилганди. Шоҳруҳ қизил карточкаси юзасидан ҳам муносабатини айтди.

- Кўрсатилган қизил карточкага тўхталадиган бўлсам, ҳакамлар қандай қарор чиқаришган бўлса, шу тўғри, деб ўйлайман. Демак, қизил карточкага лойиқ бўлганман ва мени иккита учрашувга дисквалификация қилишди. Балки бунда мени ҳам хатом бордир. Ўша вазиятда агрессив ўйнагандирман. Натижада ҳакам бу ҳолатда менга қизил карточка кўрсатди.

Маълумки, олмалиқликлар 3-турни 20 март санасида ўз майдонида “Насаф”га қарши ўтказишлари лозим эди. Бироқ бу ўйин айрим сабабларга кўра, номаълум муддатга қолдирилди. Марказий учрашувнинг қолдирилгани АГМК учун яхши бўлдими ёки...Бу хусусида Гадоев қуйидагича фикр билдирди.

- “Насаф” билан ўйиннинг қолдирилгани балки биз учун яхшидир. Чунки жамоамизда жароҳат олганлар бироз кўп. “Насаф”га қарши ўйин қолдирилган бўлса, бизнинг кейинги ўйинимиз “Сурхон” билан бўлади. Бўлажак баҳсда дисквалификация сабабли мен билан Александр Касьян ўйинни ўтказиб юборамиз. Балки “Насаф” билан ўйингача барча футболчиларимиз тикланиб сафга қайтиб қолар.

гадоев3_1

Биласиз, Гадоев илгари “Насаф”да фаолият олиб борган. Унинг собиқ жамоаси эса Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичидан муваффақиятли ўтиб гуруҳ баҳсларига йўл олди.

- “Насаф”нинг плей-оффдаги учрашувини телевизор орқали эфирга узатишмади. Лекин шундай бўлса ҳам, собиқ жамоамнинг ўйинини интернет орқали кўрдим. “Насаф” учрашувни яхши бошлади. Биринчи голни жамоа яхши уюштирилган ҳужум эвазига киритди. Умуман олганда, “Насаф” Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига чиқишга муносиб эди. Илгари ўзбек клублари четга чиқса, ишонч у қадар кучли бўлмасди. Аммо охирги пайтларда энди бундай эмас. Масалан, биз ҳам ўтган йили АГМК билан кучимизни кўрсатгандик. Сафарда Қатар клубини ютиб қайтгандик ва “Насаф”га йўл очилганди. Энди эса “Насаф” ўша ишни такрорлади. Бу ўзбек футболи учун ажойиб натижа, - дейди Гадоев.

Гадоев биз билан мулоқот жараёнида шунингдек, бугунги Ўзбекистон чемпионатининг мавқеи хусусида ҳам гапирди.

- Тўғрисини айтсам, Ўзбекистон чемпионатида оддий жамоанинг ўзи қолмади. Ҳамма клублар ўсишда ва кучайишда давом этяпти. Масалан, 10 йил олдин кучсизроқ жамоа майдонига борсак, бемалол ютиб келардик. Ҳозир бундай эмас. Чемпионатда осон ғалабанинг ўзи қолмаган. Ҳозир иккита тур ўтди. Кейинчалик ким фаворит ёки аксинчалигига ойдинлик киритса бўлади.

гадоев2_2

Дарвоқе, бу футболчининг 2021 йилги мавсум якунида АГМК билан тузган шартномаси ниҳоясига етганди. Ўшанда уни бошқа жамоага кетиши мумкинлиги борасида ҳам гап-сўзлар йўқ эмасди. Лекин футболчи Олмалиқ клубида қолди. Бунинг сабабини эса Шоҳруҳ шундай изоҳлади:

- АГМК жамоасида қолишимда Миржалол Қосимовнинг роли катта. Ҳар доим ушбу мураббийга миннатдорлик билдираман. Барибир ўз олдига юқори мақсадлар қўйилган жамоада тўп суришнинг гашти бошқача-да. АГМК эса ҳар доим мана шундай тарзда жиддий вазифалар учун курашиб келади.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
ATYGOLD
24/03/2022 22:41
Nima Oʻzbek fudboli shunaqa qolaveradmi Qachon qishloqdagi Talandlarni olasizlat