Ўзбекистон чемпионатининг безагига айланган ўйин ёхуд супергол урилган водий дербиси ҳақида

Ҳали анчагача бу ўйинни эслаб юришади. Ҳа, бунга шубҳа йўқ. Водий дербиси ўзининг ритмидан баланд сакради. “Нефтчи” ҳамда “Андижон” иштирокидаги учрашувдан кино асарини яратса бўлади. Ўзбекистон чемпионати даражаси ва унинг мавқеи анча ошиб бораётгани яна бир карра кўрсатиб берилди.

Фарғонадаги мазкур тўқнашувга қизиқиш олдиндан жуда катта эди. Барча ўйлаган тахминларимиз ўзини оқлади. Андижондан 5000 мингдан зиёд мухлисларнинг келиши ҳам бошқача хайбатли кўринди. Фан-клуб аъзолари “Андижонликлар келяпти”, дея ҳайқириб стадионга кириб келишининг ўзи ижтимоий тармоқларни “қайнатиб” юборди. “Истиқлол” стадиони шу куни сариқ ва қизил рангларга бурканди. Муҳит эса шунчаки “бомба” эди. Европадаги гранд тўқнашувларни эслатиб юборадиган ўйинда футболчилар ҳам мазза қилиб футбол ўйнашди.

Қолаверса, Фарғона ва Андижон вилояти ҳокимлари ҳам водий дербисини бевосита стадионда биргаликда кузатиб бордилар. Бир сўз билан айтганда, бу Суперлигадаги супер ўйин мақомида бўлди.

Дастлаб тиниб-тинчимас Бектемир Абдуманнонов дарвозабон билан деярли бирга-бир вазиятга чиқиб усталик билан Санжар Қувватов дарвозасини ишғол қилди. Шундан кейин “Андижон” футболчилари кетма-кет хавфли ҳужумлар уюштирдилар ва бу вазиятда “Нефтчи” ҳимоячилари бироз эсанкираб қолдилар. Аммо дарвоза устуни мезбонларни голдан қутқариб қолди.

Иккинчи бўлимни ҳам андижонликлар фаол бошладилар. Шунга яраша 53-дақиқада иккинчи голни урдилар. Бектемир Абдуманнонов жарима зарбаси ишлади ва уни ўзи бажарди. Стандарт вазиятдан узатган тўпини жарима майдони ичида Фарҳод Соҳибжонов шунақанги гол урдики, бу ақлбовар қилмас гол сифатида таърифланяпти. У ўша лаҳзаларда худди Златан Ибрагимович режимини ёқиб олганди. Соҳибжоновнинг бу голи дарҳол интернетда яшин тезлигида тарқалди ва ҳаммани ҳайратига сабаб бўляпти. Кўпчилик эса буни йил голига асосий номзод сифатида кўрмоқдалар.

Ҳисоб 0:2 кўринишини олгач, мезбонлар бутун эътиборини ҳужумга қаратишлари аниқ эди. “Андижон” эса қарши ҳужумларда рақибни “ушлаш” ҳаракатида бўлди. Бироқ 84-дақиқада мезбонлар ўз мақсадига эришиб, жавоб голини киритдилар. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда эса бош ҳакам Ислом Маматказинни “Нефтчи”нинг ҳужумини тўхтатишда айблаб қизил карточка кўрсатди ва пенальти белгилади. Бу вазифани Жасур Жалолиддинов голга айлантирди. Шу тариқа, водий дербисида жанговар ўйин ва жанговар дуранг қайд этилди. Албатта, “Андижон” ғалабага жуда яқин келганди. Бироқ насиб қилмади. Шунга қарамай, “Бургутлар” “Нефтчи” майдонидаги кетма-кет бешинчи ўйиндирки, мағлубиятсиз сериясини давом эттирмоқда. Бундан ташқари, “Андижон”нинг намойиш этган ўйини кўпчилик томонидан жуда илиқ қарши олинмоқда.

Энди Хомяков жамоаси 18 май куни “Бобур арена”да чемпионатнинг 8-турида Бекободнинг “Металлург” клубини қабул қилади.

“Нефтчи” – “Андижон” - 2:2 (0:1).

12 май. Фарғона. “Истиқлол” стадиони. 19867 томошабин.

Ҳакамлар: Азиз Асимов, Аваз Абдуллаев, Ойбек Калахўжаев

Захира ҳаками: Фарруҳ Янсупов

ВАР: Фирдавс Норсафаров

АВАР: Максим Нехочин

Назоратчи: Маъмур Саидқосимов

Комиссар: Шохруҳ Саид

“Нефтчи”: Санжар Қувватов, Манучехр Сафаров, Боян Цигер, Мирзоҳид Ғофуров (Аббос Ғуломов, 69), Зоир Жўрабоев, Анвар Ғофуров, Каталин Карп, Жавоҳир Қаҳрамонов (Жасур Жалолиддинов, 46), Диёр Туропов (Санжар Қодирқулов, 69), Шохруз Норхонов (Михай-Алехандру Роман, 69), Нсунгуси Эффионг (Билолхон Тошмирзаев, 55).

“Андижон”: Игорь Литовка, Ислом Маматказин, Владимир Бубанья, Илҳом Алижонов, Абдувоҳид Ғуломов, Фарҳод Бекмуратов (Леван Арвеладзе, 73), Муҳаммадкарим Тоиров, Илҳом Абдуғаниев (Илдар Маматказин, 73), Бектемир Абдуманнонов (Армин Бошняк, 81), Фарҳод Соҳибжонов (Абдураҳмон Комилов, (90+4), Шахром Самиев (Лука Згурский, 81).

Голлар: Бектемир Абдуманнонов, 16 – 0:1. Фарҳод Соҳибжонов, 53 – 0:2. Билолхон Тошмирзаев, 84 – 1:2. Жасур Жалолиддинов, 90+4-пен. – 2:2.

Огоҳлантиришлар: Анвар Ғофуров, 64. Зоир Жўрабоев, 84. Санжар Қодирқулов, 87 – Александр Хомяков, 90+7. Лука Згурский, 90+7.

Четлатиш: Ислом Маматказин, 90+2.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!