Ўзбекистон делегацияси Мадриддаги Бутунжаҳон футбол саммитида иштирок этмоқда
Ads

Бутун Жаҳоннинг энг кучли клублари, футбол лигалари, Халқаро федерациялар ва ассоциациялар, дунёга машҳур ОАВ ҳамда компанияларнинг 3000 дан зиёд вакиллари иштирок этаётган ушбу саммит Мадриднинг энг машҳур “Гойя форум” театрида ўтказилмоқда.

Бутунжаҳон футбол саммити жорий йил ҳисобидан учинчисидир. Саммитда Ўзбекистон профессионал футбол лигаси Бош директори Омон Ғофуров бошчилигидаги делегация иштирок этмоқда. Бутунжаҳон футбол саммити директори Мариан Отаменди ва Ла лига раҳбарияти Марказий Осиёдан фақатгина Ўзбекистон делегациясини ушбу йиғилишга таклиф этгани диққатга сазовор. 

Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице Президенти Умид Аҳмаджоновнинг Ўзбекистонда футболни ривожлантириш стратегиясига биноан делегациянинг ўзбекистонлик вакилларига дунёнинг футболи ривожланган уюшмалари ҳамда лигалари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда улардан тажриба ўрганиш вазифаси қўйилган. 

Бугун саммитнинг биринчи кунида йиғилишни Бутунжаҳон футбол саммити директори Мариан Отаменди очиб берди. Шундан сўнг минбарга режага асосан бирин-кетин обрўли, футбол дунёсида ўз ўрнига эга инсонлар таклиф этила бошланди.

Хусусан йиғилишда “Ювентус” футбол клуби ҳамда Европа клублари ассоциацияси президенти Андреа Аньелли сўзга чиқиб, футбол жамоатчилигининг диққатини футболждаги глобаллашув жараёнига қаратди. 

Саммитда футбол элитасини ташкил этувчи ассоциациялар ва лигалардан ташқари, жаҳонда етакчи бўлган Microsoft, London Exchange, Facebook компанияларининг вакиллари ҳам иштирок этишмоқда.

Саммит доирасида Ўзбекистон делегацияси дунёнинг ривожланган футбол уюшмалари ва ташкилотлари билан маркетинг, футбол академиялари, Ла лига спорт дастурлари, ОАВ ва мухлислар билан ишлаш ҳамда футбол ривожига оид бошқа масалалар юзасидан музокаралар ўтказади.