Ўзбекистон футболидаги энг ёрқин ғалабалар

Футболимизнинг бугунги кундаги аҳволидан қатъи назар, тарихда мухлислар қалбидан жой олган ёрқин ғалабала ҳам кўп бўлган. Бугун Ўзбекистоннинг турли терма жамоалари халқаро майдонга қўлга киритган 10 та энг муҳим ғалабани эсга оламиз.

Ўзбекистон U 23 - Вьетнам U 23 2:1

Кучли ўнликни олимпиячиларимиз очиб беради. Аслида, бугунги мавзуга уларни аралаштирмасак ҳам бўлар эди. Бироқ футболимиздаги энг ёрқин ғалабани ўтказиб юборишни истамадик. Хитой, 2019 йилнинг боши. Мухлисларимиз у қадар ишонч билдирмаган Равшан Ҳайдаров шогирдлари мусобақани мағлубият билан бошлаган эди. Кейин эса, йигитлар ғалабанинг тотли таъмини ҳис қилишди ва турнир охирига қадар ўз учрашувларида рақибларга имконият қолдирмади. Гуруҳдан чиққач, биринчи бўлиб Япония, кейин Жанубий Корея доғда қолдирилди. Финалда эса уларни 120 дақиқалик жанг кутиб турган эди. Об-ҳавонинг инжиқликларига қарамай, U 23 жамоамиз майдонда биринчи рақамли бўлиб тўп сурган эди. Қўшимча бўлимларга қўшиб берилган дақиқаларда Сидоровнинг киритган голи эса, Ўзбекистонда катта байрамни бошлаб юборган эди. Ўша баҳс ҳақида хотирлаган барча мухлисларнинг юзларида табассум пайдо бўлиши аниқ.

MY3mZo15170525993490_l

Қатар - Ўзбекистон 0:2

Энди бироз ортга қайтамиз. 2011 йилги қитъа биринчилиги. Абрамов бошчилигидаги терма жамоамиз Қатар яшил майдонларида ўтган Осиё чемпионатидаги дебют учрашувини ўтказмоқда. Турнирга қадар ўртоқлик учрашувларида деярли барчага мағлуб бўлган термамиздан мухлислар нима кутишга ҳам ҳайрон эди. Боз устига, Вадим Карленовичнинг матбуот анжуманларида катта гапириши кўпчиликда тушунарсиз ҳислар уйғотган эди.

Барчаси жамоамизнинг мусобақадаги илк ўйинида амалда кўринди. Вадим Абрамов шогирдлари ўша йиллар урфда бўлган тўп билан кўпроқ муносабатда бўлувчи шиддатли футболнинг ўзбекча аналогини майдонда кўрсатиб бердилар. Олдига катта мақсадлар қўйган Қатар эса, Абрамовнинг «ўзгача» Ўзбекистон терма жамоаси олдида ҳеч нарса қила олмайди. Одил Аҳмедовнинг киритган голи бутун Осиёни «титратиб» юборди. Жепаровнинг иккинчи голи эса, ўйинга мантиқий нуқтани қўяди. Ҳамюртларимиз Қатар мезбонлик қилган мусобақада шу қадар ёрқин дебют қилишадики, ҳатто уларни бир нечта хориж нашрлари мусобақа ғолиблиги учун асосий даъвогарлардан бири, деб эълон қилади.

120875_gallery

Ўзбекистон - Иордания 2:1

Футболимиздаги яна бир тарихий воқеага тўхталиб ўтмасак бўлмайди. Қатардаги қитъа биринчилигида жамоамиз гуруҳдан чиққач, биз учун ноқулай бўлган Иорданияга қарши баҳс олиб борган эди. Тезкор, жисмонан кучли ва прессинга катта урғу берувчи Иорданияни енгиш учун Абрамов ўзгача айёрлик ишлатишга қарор қилди. Мураббий гуруҳдаги 3 та ўйинда майдонга туширмаган Улуғбек Бақоевни асосий таркибда жангга ташлади ва бу қарор якунда 100 фоиз ўзини оқлади. Улуғбек томонидан иккинчи бўлим бошида киритилган иккита гол «оқ бўрилар»ни ярим финалга яқинлаштирди. Кейинроқ, рақибларимиз битта гол киритган бўлсада, терма жамоамиз ҳисобни ушлаб қолишга муваффақ бўлди. Ҳакамнинг финал ҳуштаги чалинганида, биз ўз тарихимизда илк бор Осиё чемпионатининг ярим финалида тўп суриш имкониятини қўлга киритган эдик. Бу натижа ҳали-ҳамон футболимиз тарихидаги энг яхшиси бўлиб турибди.

gettyimages-1079505444-1024x1024

Ўзбекистон - Қувайт 3:2

Энди сизларни бир фурсатга 2005 йилларга ўзимиз билан олиб кетамиз. 2006 йилда Германияда бўлиб ўтиши кўзда тутилган ЖЧнинг сўнгги саралаш босқичининг 6-турида Ўзбекистон ва Қувайт термалари 3-ўрин учун кураш олиб борган эди. Ўша учрашув олдидан, рақибларимизни дуранг натижа ҳам қаноатлантирар, биз эса фақат ғалаба қозонишимиз лозим эди. Аслида, бу учрашувдаги рақибимиз у қадар ёрқин бўлмаслиги мумкин, аммо ўйиннинг сценарийси уни қайта ва қайта ёдга олишга мажбур қилади. Биринчи бўлимнинг ўзида меҳмонлар иккита гол киритади. Ўйинни стадионда кузатаётганларнинг аксарияти иккинчи голдан сўнг стадионни тарк этган эди. Боб Хоугтон шогирдлари эса ўзларида куч топишди. Аввалига Гейнрих пенальти ишлайди. Жепаровнинг аниқ зарбаси таймни битта тўп фарқи билан якунлашга имкон яратади. Иккинчи бўлимда аввалига Шацких таблодаги натижани 2:2 га айлантиради. Кейин майдонда жанг бошланади. Захирадан майдонга тушган Анвар Солиев 3-голни киритганида, Тошкентдаги «Пахтакор» марказий стадиони чинакамига портлайди. Якунда терма жамоамиз ўз гуруҳида Жанубий Корея ва Саудия Арабистонидан кейин 3-ўринни эгаллайди. Бу ғалаба эса «оқ бўрилар»нинг энг иродали учрашуви сифатида тарихда абадий қолади.

gettyimages-53399014-594x594

Япония - Ўзбекистон 0:1

2012 йилда ўзбек футболи олдинга катта қадам ташлади десак, адашмаган бўламиз. Сабаби, футболчиларимиз ўз тарихида илк бор Японияни мағлуб этганди. Эътиборлиси шундаки, бу ғалаба меҳмонда қўлга киритилди. Бундан ҳам қувонарлиси шундаки, ўша баҳсда терма жамоамиз ўзининг асосий футболчиларисиз иштирок этди. Абрамовнинг ҳужумкор жамоаси Японияда жуда ишончли ўйин намойиш этгани ҳозир кўпчиликнинг хотирасидан кўтарилган бўлиши мумкин. Ўйинда ягона бўлиб қолган голни киритган Александр Шадрин эса энди орамизда йўқ. Бу ғалаба Ўзбекистон Осиёнинг энг кучли 4 та жамоасидан бири бўлиши мумкинлигини бутун қитъага кўрсатиб қўйган эди.

8G6Xr

Ўзбекистон - Саудия Арабистони 3:1

2015 йилда Австралия Осиё чемпиони бўлиш мақсадида мусобақани ўз майдонларида ташкил этади. Бу турнирга терма жамоамиз Миржалол Қосимов бошчилигида ташриф буюради. Таркибда авлодлар алмашинуви сабабли бир нечта таниқли бўлмаган футболчилар мавжуд бўлишига қарамай, термамиз олдига қўйилган энг кичик вазифани уддалайди. Гуруҳ баҳсларида Хитойдан учралган мағлубият сабабли плей-оффга чиқишимиз 3-турда Саудия Арабистонига қарши ўйинда ҳал этилиши лозим эди. Қосимов жамоасини фақат ва фақат ғалаба қаноатлантирар, рақибларимизни эса исталган натижадаги дуранг ҳам кейинги босқичига олиб чиқар эди. Учрашувни Сардор Рашидовнинг тезкор голи билан бошлаган бўлсак-да, «саҳро лочинлари» иккинчи бўлимда ҳисобни тенглаштиради. Кейин Қосимов майдонга Шодиевни ташлайди ва у ҳисобда жамоамизни олдинга олиб чиқади. Сўнгги дақиқаларда Саудия Арабистони футболчилари олдинга ташланганида Рашидов ва Ҳасанов тандеми ўйинга нуқта қўйган голни киритади ва жамоамиз кейинги босқичга йўл олади. Бу учрашув нафақат чиройли ўйин, балки бутун дунёга Сардор Рашидов сингари иқтидорли футболчиларимиз бор эканлигини ҳам кўрсатиб қўйгани билан қадрли.

828702_gallery

Ўзбекистон - Саудия Арабистони 3:0

2010 йилда бўлиб ўтиши кўзда тутилган мусобақага саралаш босқичида Рауф Инилеев бошчилигидаги терма жамоамиз Тошкентда Саудия Арабистонини қабул қилади. Ўша пайтларда, Саудия Арабистони қитъамиздаги энг кучли терма жамоалардан бири эди. Улар Шарқий Осиё вакилларини ҳам ортиқча қийинчиликсиз мағлуб этар, ЖЧда мунтазам иштирок этар эди. Рауф Инилеев бошчилигидаги термамиз эса, эндигина ривожланаётган ва катта мақсадларни олдига қўйган жамоа сифатида сал пастроқ даражада эди. Ўша баҳсда терма жамоамиз футболчилари ҳар жабҳада рақибларини тор-мор келтиради. Иккинчи қаватдаги курашлар, стандарт вазиятлардан наф чиқариш, тезкорлик ва техник устунлик эвазига биз Осиё грандларидан бирини йирик 3:0 ҳисоби билан мағлуб этган эдик. Ўша баҳсда голларни Кападзе, Шацких ва Жепаров киритган эди. Айнан ўша баҳсдан сўнг, бутун Осиё янги гранд курашга қўшилаётганини тушиниб етган эди.

l2oa6q8u5wugj3jumwiz

Ўзбекистон - Жанубий Корея 1:0

Ўзбекистон футболи тарихидаги энг шонли ғалаба 1994 йилдаги муваффақият десак, адашмаган бўламиз. Осиё ўйинларидаги чемпионлик, бугунги кунга қадар футболимиз эришган энг катта ютуқ бўлиб турибди. Кейинчалик, Рустам Акрамов бошчилигидаги жамоанинг ғалабаси, оғиздан оғизга ўтиб катта бир афсонага айланиб кетди. Бу воқеа ҳақида кинофильм ҳам суратга олинди. Ўша чемпионлик сари ташланган энг муҳим қадам сифатида ярим финалдаги ўйин кўп бор ёдга олинади. Жанубий Корея терма жамоасига қарши бўлиб ўтган учрашувда ҳамюртларимиз Азамат Абдураимовнинг ягона голи ўйин тақдирини ҳал этган эди.

xT2NjmOPUZA01GQow7MDP2FRl5PAxHow

Ўзбекистон - Эрон 1:0

2014 йилда Бразилияда бўлиб ўтиши кўзда тутилган мусобақага жуда яқин келган эдик. Ҳатто бир нечта тур мобайнида биринчи ўринда ҳам бордик. Терма жамоамизнинг имкониятлари «Озоди»да бўлиб ўтган тарихий ғалаба сабабли кескин ортиб кетган эди. Улуғбек Бақоевнинг стандарт вазиятдан киритган голи ўйин охирига қадар ягоналигини сақлаб қолади. Эрон терма жамоасининг 90 дақиқа давомида босим ўтказиши ҳам ҳеч қандай наф бермайди. Бу ғалабадан сўнг, терма жамоамиз мундиаль йўлланмасини қўлга киритмади, бироқ термамиз ўз тарихидаги Эрон устидан ўзининг илк ғалабасини нишонлади. Афсуски, бу ғалаба ҳам шонли тарихимизда ягоналигича сақланиб қолмоқда.

nzkceg0lfcyotfeqpbsb

Ўзбекистон - Хитой 4:2

Финалларда тўп суриш доимо завқли, аммо унда ғалаба қозониш тарихдан ўрин эгаллаш учун имконият. Ўзбекистон терма жамоаси ҳам ана шундай завқли ва тарихий финалда иштирок этган. Бу воқеадан 26 йил ўтган бўлса-да, унинг тафсилотлари мухлислар томонидан муҳокама қилинади. Терма жамоамизнинг иккитагина либосда бориб, Осиёнинг барча жамоаларини доғда қолдиргани бугунги авлод мухлислари учун ишониб бўлмас воқеадек туюлиши мумкин. Яхшиямки, тарих бор. У доимо ғолибларни ёдда сақлайди. Бизнинг футболда ҳам ўзига ҳос ғалаба мавжуд. чорак аср ўтган бўлсада, биз бу воқеани ёдга олишдан чарчамаймиз. Ҳар сафар ёдга олганда, чемпионликнинг ширин таъмини ҳис этгандек бўламиз. Шу боис, бугунги рўйхатимизни айнан шу учрашувни ёдга олиш билан якунлаймиз. Хиросимада бўлиб ўтган финалдан сўнг, ватанимиздаги барчанинг уйида байрам бошланиб кетган эди. Тан олиш лозим, бу ўйин ёрқин бўлмаслиги мумкин, аммо буюклиги борасида исталган учрашув билан беллаша олади.

hqdefault

Яхёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!