Ўзбекистон футзал жамоаси мураббийи жаҳон чемпионати олдидан гуруҳдаги қайси рақиб кучли эканлиги, асосий дарвозабон ва мукофот ҳақида гапирди

Хабарингиз бор, футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Литвада ўтадиган 2021 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади.

Мундиал сафари олдидан бугун ЎФA мажлислар залида бош мураббий Баҳодир Aҳмедов ҳамда футзалчилар иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда бош мураббий Баҳодир Аҳмедов ва бир қатор футзалчилар иштирок этди.

Баҳодир Аҳмедов: Кайфиятлар аъло. Яхши йиғинлар ташкил этмоқдамиз. ЎФАга раҳмат айтаман, чунки улар бизга мана шундай шароитлар яратиб бермоқда.

Тактикалар устида ишламоқдамиз. Дастлабки ўртоқлик ўйинларида яхши ўйнаётгандик, кейин бироз пасайиш кузатилди. Лекин охирги кунлардаги ҳаракатлардан кўнглим тўлмоқда.

Гуруҳда Россия терма жамоаси худди Испания каби ўйнайди. Шунинг учун мана шу услубга мос рақиб танланди, ўртоқлик баҳслари учун.

Олдинги таркиблардан 4-5 та футзалчи қолган. Чунки аввалги йигитларнинг ёши ўтиб бормоқда. Ҳозирги футзалчиларни синаб кўрикдан ўтказдик.

Сафимиздаги аввалги хорижлик мураббийлар ҳозир ҳам бор. Бизга уларнинг катта фойдаси тегмоқда.

Бу энг кучли таркибми? Ҳар доим бир-биридан кучли таркиб бўлган. Шунинг учун буларни таққослаш жуда қийин. Айнан қайсидир йилдаги таркибни ажрата олмайман.

Асосий дарвозабон ким? Рустам Умаров ёки бошқа дарвозабон, кимлигини ҳозир айта олмайман. Бу бир кун аввал маълум бўлади.

Жаҳонгир Усмоновнинг қайтиши қанчалик мотивация бермоқда? Бизга уларнинг фойдаси кўп теккан. Мен уларнинг қўлида ўйнаганман. Биз улар билан кўп ишлаганмиз. Жаҳонгир Усмоновнинг қайтиши биз учун жуда катта мотивация. 

Қандай мукофот ваъда қилинган? Ҳар доим айтганман, соврин учун ўйнамаганмиз. Бу бизни қизиқтирмайди. 

Гуруҳдаги энг кучли рақиб қайси? Албатта, ҳозир барча рақибларни ўрганмоқда. Улар ҳам, биз ҳам. Жамоаларнинг ҳар бир учрашувинининг видеоларини ўрганмоқдамиз, тактикаларини кўриб чиқяпмиз.

Миср билан ўйин? Биз уларни ютганимиз ҳеч нарсани англатмайди, гарчи ғалаба қозонган бўлсак ҳам. Энг асосийси Литвадаги турнирда билинади, - деди Баҳодир Аҳмедов.  

Футзал терма жамоамиз 14 август санасида Тошкентдаги машғулотларни якунлаб, Мадрид ва Порту шаҳарларида ўтадиган хорижий йиғинга йўл олади.

Футзалчиларимиз мазкур йиғинлар давомида Испания, Португалия, Aргентина каби дунёнинг етакчи терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказади. Шундан сўнг, вакилларимиз жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун Литва пойтахти Вильнюс шаҳрига етиб боради.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!