Ўзбекистон “Газпром” компанияси турнирида иштирок этади

ФИФА ва футбол бўйича 2018 йилги Жаҳон чемпионатининг расмий ҳамкори бўлган “Газпром” компанияси “Футбол дўстлик учун” халқаро болалар лойиҳасининг олтинчи мавсуми старт олганини эълон қилди.

Лойиҳанинг асосий мақсади бутун дунёдаги ёш авлод ўртасида дўстлик, тинчлик, турли миллат ва маданият вакилларига ҳурмат каби юксак инсоний тушунчаларни тарғиб қилишдан иборат. 2018 йилда “Футбол дўстлик учун” лойиҳасида 211та мамлакат вакиллари иштирок этишади. Мавсумнинг якуни тадбирлари 8 июндан 15 июнга қадар Москва шаҳрида бўлиб ўтади.
Очиқ қуръа маросимида терма жамоаларнинг мамлакатлар бўйича таркиби, шунингдек, иштирокчи мамлакатларнинг вакиллари учун ўйин позициялари аниқланди. Битта жамоада ҳар хил миллат, ҳар хил жинсдаги ва ҳар хил жисмоний имкониятга эга спортчилар қатнашади. Ўйинчилар ёши – 12 ёш. Жамоаларни турли мамлакатлардан келган 14-16 ёшдаги мураббийлар шуғуллантиради. Тадбирларни бутун дунёдаги 5000 дан ортиқ ОАВ ёритиб боради.

Шунингдек, “Футбол дўстлик учун” лойиҳасининг Халқаро Болалар матбуот марказида 211та давлатдан келган 12 ёшли журналистлар мусобақалар ҳақида хабарлар тайёрлаб боришади. Қуръага кўра бу йил Ўзбекистондан яна дарвозабон мазкур лойиҳада иштирок этадиган бўлди. Номзодлар Ўзбекистон футбол Ассоциацияси томонидан танлаб олинади.

“Футбол дўстлик учун” лойиҳасининг финал босқичи доирасида бу йил Москвада қуйидаги тадбирлар ташкил этилади: Халқаро дўстлик лагери, Турли миллат ва турли жинс вакиллари бўлган ёш спортчилар ўртасидаги дўстлик учун футбол бўйича 1-Жаҳон чемпионати, Жаҳон ва Россия футболи юлдузлари иштирокида Халқаро Болалар футбол форуми.

“Футбол дўстлик учун” лойиҳасининг 6-мавсуми расман очиқ. Бу йил лойиҳада 211та мамлакат вакиллари иштирок этади! Тарихда биринчи марта майдонда дунёнинг турли нуқталаридан ташриф буюрган ёш футболчилар ўзаро рўбарў бўлишади. Бу ҳолат иштирокчилар ўртасида ўзаро ҳурмат ва тенглик тамойилларини ривожланишига ёрдам беради. “Футбол дўстлик учун” лойиҳасининг асосий мақсади шу”, – дейди “Газпром” ОАЖ Директорлар Кенгаши раиси Виктор Зубков.

“Биз ФИФАнинг расмий ҳамкори бўлган “Газпром” компаниясининг ажойиб ташаббусини қўллаб-қувватлаётганимиздан хурсандмиз, - дейди ФИФА бош котиби Фатма Самура. – Мазкур форум турли мамлакатлардан келган ўғил болалар ва қиз болалар учун янги имкониятлар эшигини очади. ФИФА бундай лойиҳаларни ҳамиша қўллаб-қувватлаб келади”.

“Бу каби лойиҳаларда иштирок этиш орқали янги дўстлар орттириш имкони бор. Бу эса ҳамиша ёқимли. Барчангиз билан Москвада кўришамиз деб умид қилиб қоламан. Ҳаммага омад!” – дейди Марко ван Бастен. 
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил “Футбол дўстлик учун” лойиҳасида Ўзбекистондан “Локомотив” Тошкент вакили Илёс Аҳмедов (дарвозабон) ва ёш журналист Амир Шарипов иштирок этганди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!