“Ўзбекистон гуруҳдан чиқади” — Отабек Жўраев терма жамоанинг ЖЧдаги имкониятларини баҳолади

  • 7 декабрь, 14:16
  • Muhammadqodir Ruzmatov
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қиладиган навбатдаги Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичи учун қуръа ташланди. Ўзбекистон терма жамоаси “К” гуруҳидан жой олди ва Португалия, Колумбия ҳамда Конго/Ямайка/Янги Каледония жамоалари билан баҳс олиб боради.

Tecno

Таниқли футбол шарҳловчиси Отабек Жўраев Sports.uz сайтига берган кичик интервьюсида Ўзбекистоннинг гуруҳдаги рақиблари ва плей-оффга чиқиш имкониятлари ҳақида тўхталиб ўтди.

Қуръа биз учун омадли бўлдими?

"Гуруҳ ёмон эмас. Яъни ундан нисбатан заифроқ ёки қийинроқ гуруҳ тушиши ҳам мумкин эди. Назаримда ўртача гуруҳ бўлди, балки биroz кучлироқ деса ҳам бўлади. Сабаби — Португалия фаворитлардан бири, иккинчи эшелон бўлса-да. Тўғриси, улар Испания, Франция ёки Аргентина қаторига кирмасада, барибир чемпионлик учун асосий даъвогарлар рўйхатида бор.

Сиз Колумбияни “стабил” деб ёздиз, лекин мен бу фикрга қўшилмайман. Колумбия бир мавсум жуда яхши ўйнаши мумкин, аммо кейинги мавсум инқирозга учраш эҳтимоли катта. Агар Жаҳон чемпионатида уларда бирор нарса юриб кетмаса, бу бизнинг имкониятимизга айланади.

4-саватчадан заифроқ жамоани кутгандим. Масалан, ҳурматни сақлаган ҳолда Янгизеландия, Кюрасао ёки Кабо-Верде каби жамоалар гуруҳимизга тушса, биз учун қулайроқ бўларди. Лекин Кабо-Верде ҳам ёмон жамоа эмас. Аммо Ямайка, Янги Каледония ва Конго ичида Конго яққол фаворит — жуда кучли жамоа. Шу боис, 4-саватчада бизга омад камроқ кулиб бoқди. У ердан енгилроқ рақиб тушганда 3 очко олиш анча осон бўларди. Ҳозир эса бу масала жуда қийин ва очко олиш учун қаттиқ ҳаракат керак."

Гуруҳимиздаги имкониятларимизни қанақа баҳолайсиз? Қайси терма жамоадан очко тортиб олиишимиз мумкин ва нимани эвазига?

"Гуруҳимиздаги яққол фаворит — Португалия. Биринчи ўрин учун Колумбия ҳам курашиши мумкин. Аммо бизнинг имкониятларимиз унча юқори эмас. Катта эҳтимол билан иккинчи ўрин учун Колумбия билан рақобат олиб борамиз. Ўзбекистонга нисбатан Колумбия кучлироқ: таркиб, ўйинчилар тажрибаси, уларнинг ҳозирги ҳолати ва даражаси ҳисобга олинса — устунлик улар томонда. Масалан, Луис Диас ва бошқа етакчи футболчилари. Шунинг учун Колумбия имконияти бироз юқорироқ.

4-саватчадан ким тушишини билмайман. Агар Конго бўлса — жуда кучли рақиб. Улар аввал Сенегални ортда qoldirdi, кейин плей-оффда Камерун ва Нигерияни мағлуб этди.

Менимча, агар 4-саватчадаги рақибни юта олсак, Колумбия билан дуранг қила олсак ва Португалиядан мағлубият билан чиқсак ҳам, 4 очко билан гуруҳдан чиқишимиз мумкин, Ин шаа Аллоҳ."

Агар терма жамоа  гуруҳдан чиқа олмаса, сиз буни қанақа қабул қиласиз?

"Мен ишонаманки, Ўзбекистон гуруҳдан чиқади. Бу жуда қийин бўлса-да, 3-ўрин орқали плей-оффга чиқиш имкониятимиз бор. Адашмасам, 2024 йил декабрида 3-ўрин билан плей-оффга чиқишимизни тахмин қилганман. Қуръа ташлангандан кейин яна такрор айтаман: "Ин шаа Аллоҳ, гуруҳдан чиқамиз. Агар яман бўлиб 4-ўринда қолиб кетсак ҳам хафа бўлмайман. Лекин мен терма жамоамизга ишонаман. Катта эҳтимол билан 3-ўринни эгаллаб, кейинги босқичга йўл оламиз."

                                                                                                                                                                                            
                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                   
Рузматов Муҳаммадқодир суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!