Ўзбекистон гуруҳдан чиқдими ёхуд яна математикани ишга соламиз!
20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё кубоги 2-тури доирасида Ўзбекистон термаси Ироқни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Вакилларимиз бир таймни 10 киши бўлиб ўтказганига қарамай якунда ғалабани ўзида ушлаб қолди. Хўш, 2 турда гол ўтказмасдан 6 очко ишлаган термамиз кейинги босқичга чиқдими? Қуйида шу мавзуга қисқача тўхталиб ўтамиз.
Аслини олганда, икки баҳсни ғалаба билан тугатган жамоанинг гуруҳдан чиқа олмаслиги ғалати туюлади. Бироқ бизда бўлиб ўтаётган мусобақанинг "А" гуруҳида вазият шундай кўриниш олган. Мана шу ҳолатни тушунтириб беришга ҳаракат қиламиз. Масалан, биз 3-турда Индонезияга ютқазиб қўйсак, жануби-шарқий Осиё минтақасидан келган рақибларимиз ҳисобида 6 очко мавжуд бўлади. Ўзаро ўйинга кўра улар биздан тепада. Бироқ Ироқ билан кечган беллашувда улар енгилган, биз эса аксинча.
Нариги томонда Ироқ Сурияни мағлуб этса, уларда ҳам очколар сони 6 тага етади.
Бу дегани 3 термада бир хил очко бўлади ва улар бир-бирини мағлубиятга учратган. Ўзбекистон Ироқни ютган, Индонезияга ютқазган бўлади. Индонезия Ироққа енгилиб, биздан очко тортиб олади. Ироқда ҳам деярли шунақа ҳолат.
Хуллас, англаганингиздек вазият жуда чалкаш. Гуруҳдан чиқиш масаласи ўзаро ўйинлардаги тўплар фарқига боғлиқ бўлади. Биз учун муҳими - Индонезияга ютқазмаслик. Агар мабодо рақиб ютса ҳам (Худо кўрсатмасин) йирик ҳисоб бўлиб кетмаслиги керак. Биз йигитларга ишонамиз. Улар охирги тур баҳсида ҳам мухлислар учун керакли натижани қўлга киритади. Дуранг бўлса ҳам гуруҳдан чиқиш масаласида ҳеч қандай математика ё арифметика мутахассисларига мурожаат қилинмайди.
Бу бизнинг нега ҳали ҳам гуруҳдан чиқмаганимизга сабаб бўлувчи асосий омил эди. Шунчаки, назарий томонлама мана шу эҳтимоллар эвазига биз ҳозирча плей-оффга тўлиқ чиқиб улгурмадик. Амалий томонлама "миссия" деярли ҳал қилинган.
Шунга қарамай, рақибларда имкон сақланиб турибди. Ишонамизки, жамоамиз бу имконни уларга тортиқ қилмайди ва вазифани аъло даражада бажаришади. Биз эса уларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз. Олға, йигитлар! Олға, Ўзбекистон!!!
Шоҳрух Зоиров тайёрлади.
Фикрлар