"Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси ташкил қилинади" - Президент қарори
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев спортга оид бир қатор қарорларни қабул қилди.
"Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси ташкил қилинади. "Каратэ (WKF) спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–356-сон, 03.11.2023 й.) қабул қилинди
Қарорга кўра, 2023–2026 йилларда каратэ (WKF) спорт турини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди. Жумладан:
- аҳолининг барча қатламлари каратэ билан шуғулланиши учун ҳудудларда “Каратэ ҳамма учун” дастури амалга оширилади;
- боғчаларда “Кидс каратэ” (кидс каратэ) лойиҳаси ишга туширилади.
Қарор билан Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси этиб қайта ташкил қилиниб, жойларда унинг ҳудудий бўлинмалари фаолияти йўлга қўйилади.
Шунингдек, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида паракаратэни ривожлантириш учун Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси тузилмасида паракаратэ бўлими ташкил этилади.
2023–2026 йилларда Ўзбекистонда каратэ (WKF) билан доимий шуғулланувчилар сонини 55 минг нафарга етказиш (жумладан, жорий йилда 40 минг нафар) назарда тутилган.
2024 йилдан бошлаб ҳар йили: республиканинг барча ҳудудларида 7 октябрь куни – Бутунжаҳон каратэ кунига бағишланган Каратэ фестивали;
каратэ ва паракаратэ бўйича нуфузли “Uzbekistan Open” халқаро турнири;
белгиланган ёш тоифалари бўйича уч босқичли (туман/шаҳар, ҳудудий ва республика) чемпионатлар ва кубоклар;
каратэ бўйича давлат спорт-таълим муассасалари ўртасида “Ўзбекистон чемпионати” мусобақаси ўтказилади.
Қарорга кўра, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тизимида Ўзбекистон каратэни ривожлантириш маркази ташкил этилади. Мазкур марказ барча ёш тоифалари бўйича терма жамоаларнинг ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш учун асосий спорт базаси ҳисобланади.
2024 йил 1 мартгача жойларда каратэ билан шуғулланаётган, шунингдек, мусобақаларда қатнашувчи барча спортчилар тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ рақамлаштирилади.
2024/2025 ўқув йилидан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида каратэ бўйича бакалавриат таълим йўналишига ва магистратура мутахассислигига амалдаги ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари жорий ўқув йилига нисбатан 2 бараварга оширилади.
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги матбуот хизмати
Фикрлар