Ўзбекистон Кубоги. "Локомотив" пенальтилар сериясида ютади, "Насаф" яхши жамоа-ю, барибир...
Суперлигадаги тур ўйинларидан кейин навбат яна Ўзбекистон Coca-Cola Кубогига! Бу сафарги тўқнашувлар янада жиддий. Жамоалар энди ярим финал йўлланмаси учун 1\4 финалда куч синашади. Кубок доирасида клублар сараланиб қолди. Энг кучли 8 та жамоа чорак финалга чиқди. Шу боис мутахассислардан бири Дилшод Нуралиев тўртта жуфтлик бўйича ўзининг муносабатини билдирди.
2 сентябрь (жума)
“Сўғдиёна” – “Қизилқум”
- “Сўғдиёна” чемпионатда “Олимпик” жамоасига ютқазиб қўйди. Менимча, бу ҳам Кубок ўйини олдидан “Сўғдиёна”га туртки бўлади ва “Қизилқум” билан учрашувга бошқача руҳланиб тушадилар. Бунинг устига ўйин Жиззахда бўлади. Назаримда, мезбонлар ғалаба қозонади. Чемпионатда “Қизилқум”нинг “Сўғдиёна” майдонида ютиб кетгани эсимда. Бу сафар эса имкониятлар 60х40. Шахсан мен “Сўғдиёна”нинг имкониятини юқори баҳолайман. Аммо унчалик голларга бой учрашув бўлмайди. Иккита гол урилса керак. Балки 2:1 бўлар...
“Навбаҳор” – “Пахтакор”
- Жуда ҳам қизиқарли учрашув бўлади. Чемпионатда ҳам қандай ўйин бўлганини кўрдик. Жиддий курашларга бой ўйин кечди. Менимча, “Навбаҳор” ўз мухлислари қаршисида ва уларнинг тинимсиз қўллаб-қувватлаши остида кичик ҳисобда ютса керак. Рости, бу сафарги баҳс чемпионатдагидан ҳам қизиқарлироқ бўлиши керак. Чунки иккита рақиб бир-бирининг кучли ва кучсиз томонларини кўриб олди. Кимда қандай хатолар борлигини ҳам билиб олишди. Рақиблар яхши ўрганишди. Шунинг учун Кубок баҳси янада қизиқарли ўтади, деб ўйлайман.
3 сентябрь (шанба)
“Андижон” – АГМК
- “Андижон” про лигада бўлишидан қатъи назар, ўз уйида доим жонини бериб ўйнайди. Лекин ўйинчиларнинг маҳорати юзасидан олиб қарасак, назаримда АГМК ютса керак. Балки 0:2 ёки 1:3 бўлар. Лекин шуни алоҳида айтишим керакки, “Андижон” жамоаси менга ёқди. Уларнинг “Турон” билан бўлган ўйинини кўрдим. Мураббий яхши жамоа қурган. Бўйи баланд футболчилари стандартлардан, аутлардан узатилган тўпларда хавфли ўйин кўрсатяпти. Бўйи узун футболчиларнинг устун томонларидан унумли фойдаланишяпти. Кўпроқ узун паслар ва стандартларда хавфли кўриняпти. Албатта, мезбонларнинг мана шундай ўйин намойиш этиши ҳам АГМКга муаммо туғдириши мумкин.
“Насаф” – “Локомотив”
- “Локомотив”да бош мураббий ўзгарди. Футболчиларнинг иштиёқи янада кучайди, деб ўйлайман. Сервер Жепаров барибир ўзига яраша номга эга. “Локо” футболчилари ҳимоявий ўйин кўрсатиб, 0:0 ҳисобида дуранг қайд этди. Бу сафарги ўйин ҳам менимча асосий вақти дуранг билан тугайди. Пенальтилар сериясида менинг фикримча “Локомотив” ғалаба қозонади. “Насаф” яхши жамоа. Бош мураббий Рўзиқул Бердиевнинг иш услуби, академиянинг яхши ишлаши, тарбияланувчилари кўплиги бу яхши ҳолат. “Насаф”да ўзининг ўйини маъноси борлиги шундоқ кўриниб турибди. Бу ерда мураббий томонидан қилинаётган катта иш билиняпти. Барибир ёш жамоа. Чарчоқ аломатлари бор. “Локомотив”га қарши беллашувда “Насаф” ўйинчиларининг “свежий” эмаслиги кўринди. Организм чарчаганидан кейин мия ҳам чарчайди. Керак пайтда тўғри қарор қабул қила олмайдилар. Шунинг учун “Локомотив”га гол ура олмади. Албатта, рақиб жамоа ҳам ажойиб ва тартибли ҳимояланди. Футболчилари мураббийнинг тактикасини бажаришди. Кубокда ҳам чемпионатдаги ўйин такрорланади. “Насаф” ҳужум қилади, “Локомотив” қарши ҳужумда ҳаракат қилади. Ўша гап: учрашув асосий вақти дуранг билан якунланиб, “Локомотив” пенальтилар сериясида ютиб кетса керак. Бу менинг фикрим.
Фикрлар