Эртага Ўзбекистон кубоги финали бўлиб ўтишидан хабарингиз бор. Қаршида ўтадиган баҳсда "Насаф" ОКМК билан куч синашади. Баҳс олдидан сиз билишингиз керак бўлган энг муҳим маълумотларни имкон қадар кичик матнда етказишга ҳаракат қиламиз.

Жамоалар қандай холатда етиб келди?

"Насаф": Ички низоларга барҳам бергач, "аждарлар" ўйинида анча кўтарилиш кўзга ташлангани рост. Асосий рақиблар билан бирин-кетин муҳим ўйинларда жамғарилган очколар Бердиев шогирлдарини яна 2-поғонага қайтишини таъминлаб берди. Халқаро майдонда ҳам ишлар аъло даражада кетмоқда. Рўзиқул Бердиев "Навбаҳор" билан баҳсдан сўнг матбуот анжуманида барча фронтда кураша олмаймиз, биттасини танлашимиз керак деб айтгани кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак. Катта эҳтимол жамо, Суперлигадан воз кечган ҳолда Кубок ва ОЧЛга катта куч сарфлашга қарор қилган. Бу Қаршида ўтадиган финалда юқори темп кўрсатиш учун етарли жисмоний тайёргарликка эга бўлишга замин яратади.

ОКМК: Миржалол Қосимов бошқарувидаги "кончилар"да кайфият анча тушкун. Эронда "Сепахон"дан жавобсиз 9 та гол олиб чиққан жамоа нафақат мавсумни, балки проектнинг келажагини сақлаб қолиш учун ҳам Қаршида ғалаба учун майдонга чиқади. Қўшимчасига, ички биринчиликда ҳам ишлар анча йўлга қўйиб олинди. Жамоа Суперлигада кетма-кет 4 та ўйинда ғалаба қозониб, "Нефтчи"ни 5-поғонага тушириб юборди. Халқаро майдондаги омадсиз иштирокни бир четга суриб назар ташланса, ОКМК ички биринчиликдаги ҳолатини анча яхшилаб олганини кўриш мумкин. Ярим финал баҳсида "Навбаҳор" устидан қозонилган иродали ғалаба эса Олмалиқ клубини финалда ҳам охиригача жанг қилишини кўрсатиб турибди.

Финалда нима таклиф этиши мумкин?

"Насаф": Суперлига олтин медаллари билан рамзий маънода хайрлашгач, клуб совуққонроқ ҳаракат қилишни бошлади. Жамоа ОЧЛда гуруҳдан чиқишни уддалаш эвазига 500 минг долларга яқиин сумма (қолган икки ўйинда ғалаба қозониш лозим) ишлаб топиши мумкин. Қўшимчасига, кубок ғолиблиги келаси мавсумда халқаро майдонда иштирок этиш имкониятини тақдим этади. Бердиевнинг танловини тушуниш мумкин. "Насаф" "Шаржа" билан баҳсда юқори прессингда ҳаракат қилганини кўрдик. Катта эҳтимол, кубокда ҳам "аждарлар" доминантлик қилишга интилади. Тўп назорати ва босим эвазига илк дақиқалардан штурмга ўтишни бошлаши ҳеч гап эмас. Қаршидаги "Марказий" 25 минг ишқибоз билан жамоани олдинга бошлаётган бир пайтда бошқача футбол кўрсатишнинг ҳам имкони йўқ.

ОКМК: Олмалиқликлар ҳимоя ва ҳужум ўртасидаги балансни ушлаган ҳолда вазиятдан келиб чиқиб ҳаракат қилишга қодир. Бу "Насаф" сингари тезкор жамоалар билан ўйинда қарши ҳужумда ўйнаш имкониятини тақдим этади. Керакли паллада ОКМК тўпни ўзида сақлаган ҳолда позицион ҳужумлар уюштиришни ҳам уддалай олиши ҳеч кимга сир эмас. Стилистик жиҳатдан ОКМК тўп назоратини хуш кўрувчи жамоалар учун анчагина ноқулай рақиб саналади. ОЧЛдаги провал фонида кўпчилик Қосимов шогирдларининг кучига пастроқ баҳо бераётгани рост, аммо мен бунга қўшилмаган бўлардим. Олмалиқ клуби ҳозир бутун мавсумни қутқариб қолиш учун Қаршида 120 дақиқа жанг қилишга тайёр ва жанговор руҳда финалга ташриф буюради.




Ўйин ҳақидаги маълумотлар:

12 ноябрь соат 17:00 да бошланадиган финал ўйинини Азиз Асимов бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. Унга қанотларда Олим Абдувасилов ва Темур Гайнуллин ёрдам беради. Захирадаги рефери - Раҳимбек Каримов. ВАРда эса Ильгиз Танташев ишлайди.

"Насаф" шу кунга қадар 6 маротаба финалда ўйнаб, уларнинг 3 тасида ғалаба қозонган.

ОКМК 3 маротаба Ўзбекистон кубоги финалида ўйнаб, 1 маротаба ғалаба қозонган. Жамоа 3 та финалда ҳам "Пахтакор" билан куч синашган.

Шу кунга қадар Ўзбекистон кубоги финалларига энг кўп Тошкент шаҳри мезбонлик қилган. 22 та финалнинг 18 таси "Пахтакор" стадионида бўлиб ўтган.

Кубок финалларида 3 марта пенальтилар сериясига, 7 бор қўшимча таймларга мурожаат қилинган. Финалларда жами 76 марта тўп дарвозаларга киритилган (пенальтилар сериясидан ташқари). Финал учрашувларига жами 287 048 томошабин ташриф буюрган.
Ўзбекистон Кубоги финаллари тарихидаги энг сўнгги гол муаллифи — Матеус Лима Круз ҳисобланади!

Ўзбекистон кубоги финалларида ишлаш борасида мундиаллар рекордчиси Равшан Ирматовнинг олдига тушадигани йўқ. Унинг ҳисобида 5 та финал бор. Кейинги поғонага 4 тадан ўйин билан Гали Имомов ҳамда Ноил Лутфуллин ёзилган. Рустам Саидов ва Марат Исмоилов ҳисобида 2 та ўйин бор.

Мамлакат кубогининг ҳал қилувчи ўйинида 2 бор чет эллик ҳакамлар ишлаган эди. Аниқроқ айтсак, 2014 йил якунида ўтган "Локомотив" - "Бунёдкор" (1:0) ўйинини Ким Донг Жин (Ж. Корея) бошқарган. 2017 йилда пойтахтнинг яна ўша клублари ўртасида "Бунёдкор" стадионида ўтказилган ва 3 йил олдинги ҳисоб такрорланган баҳсда БАА вакили Муҳаммад Абдулла Ҳасан ишлаган.

Кубок финалларида гол киритиш бўйича Анвар Солиев ва Драган Черан каби футболчилар етакчилик қилмоқда. Уларнинг ҳисобида 5 тадан гол мавжуд.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
ишбобоев жума
11/11/2023 21:57
Азиз тугри йулни танласа,Танташев уйинни нажафлиевга ухшаб узбек футболига зарар етказмаса,Худо хохласа Насаф кубокни олади. Сурхон ишкибозлари Насафга ишонишашди.
&
Xabibillo
12/11/2023 16:59
Насаф олга Андижонликлар Насафга галаба тилаймиз
&
Хавасбек
12/11/2023 04:49
АНДИЖОН МУХЛИСЛАРИ НОМИДАН НАСАФГА FAЛАБА ВА ОМАД ТИЛАЙМАН... АЗИЗ АСИМОВ ХАКАМ КОВУН ТУШИРМАСА АЛБАТТА НАСАФ КУБРКНИ ЮТАДИ... АНЛИДОННИ ЧОПГАН АЗИЗ АСИМОВГА ИНСОФ БЕРСИН...НАСАФ ФАКАТ FAЛАБА......
&
Мурад Умаров
12/11/2023 08:45
НАСАФ чемпионликди кулдан чикаради факат Кубок ОЧЛДА уйнашини таминлайди.
НАСАФга ОМАД.
&
Мурад Умаров
12/11/2023 08:42
НАСАФ уз уйидан кура четда яхши уйнайди мани шу ховотирга солаябди.
ОКМКА яраланнган Шердек Каршига келади.