Ўзбекистон кубоги. Нимчорак финал учрашувларидаги баҳсли вазиятлар юзасидан эксперт-ҳакамлар комиссияси хулосаси

Жорий йилнинг 6 июль санасида Ўзбекистон кубоги 2024 йилги мавсумнинг нимчорак финал босқичи якунига етди. Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази мазкур учрашувлар тугагач, Эксперт-ҳакамлар комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказди ва тур доирасида кузатилган баҳсли вазиятлар таҳлил қилинди. Бу беллашувларда жами 7 та баҳсли вазият юзага келди.  

Қуйида уларнинг батафсил изоҳи ва чиқарилган якуний қарорлар билан танишишингиз мумкин.

1-вазият. "Олимпик-МобиУЗ" - "Хоразм" ўйини: меҳмонларнинг ҳисобга олинмаган голи.

"Олимпик-МобиУЗ" - "Хоразм" учрашувининг 14-дақиқасида меҳмонлар қулай вазиятга эга бўлди ва 77-рақамли футболчи тўпни тошкентликлар дарвозасига киритди. Аммо ён ҳакам офсайд борлигини қайд этди, ВАР ҳам буни тасдиқлади. Рефери Шавкат Насибуллаев ўйиндан ташқари ҳолат борлиги сабаб голни инобатга олмади.  

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда футболчи офсайдда қолиб кетган. Шу боис, Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамнинг қарорини тўғри, деб ҳисоблайди.

https://youtu.be/2NX3b7gZdmo?list=PL4tHyf5I--njTjOeIqoPss1M7eT8R5gYF

2-вазият. "Машъал" - "Қизилқум" қарама-қаршилиги: мезбонларнинг ҳисобга олинмаган голи.

"Машъал" - "Қизилқум" учрашувининг 18-дақиқасида мезбонлар қулай вазиятга эга бўлди ва 11-рақамли футболчининг боши билан берган зарбасидан сўнг тўпни навоийликлар посбони чизиқ устида қайтариб қолди. Бош ҳакам Достон Раҳмонов гол бўлмаганини маълум қилиб, учрашувни давом эттирди.  

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Мазкур вазиятда ҳам кадрлар орқали ҳолатни аниқ кўришнинг иложи йўқ. Тўп чизиқни кесиб ўтган ёки ўтмаганлигини аниқлаш мураккаб. Шу сабабли, ҳакамларнинг қарори тўғри, деб топилди.

https://youtu.be/z_panWk2o2Q?list=PL4tHyf5I--njTjOeIqoPss1M7eT8R5gYF

3-вазият. "Металлург" - "Сурхон" учрашуви: Меҳмонларнинг голи.

"Металлург" - "Сурхон" ўйинининг 34-дақиқасида меҳмонларнинг 99-рақамли футболчиси узоқ масофадан зарба йўллади ва тўп дарвоза устунларига тегиб, яна майдонга қайтди. Бош ҳакам Султонмурод Абдураҳмонов ёрдамчи ҳакам билан мулоқотдан сўнг голни инобатга олди. 
 

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Мазкур вазиятда кадрлар орқали ҳолатни аниқ кўришнинг иложи йўқ. Яққол кадрнинг йўқлиги боис ВАР вазиятга аралашмай тўғри қилди. Тўп чизиқни кесиб ўтган ёки ўтмаганлигини аниқлаш мураккаб. Шу сабабли, ҳакамларнинг қарори тўғри, деб топилди.

https://youtu.be/wQQ6mtHlA3A?list=PL4tHyf5I--njTjOeIqoPss1M7eT8R5gYF

4-вазият. "Навбаҳор" -"Бухоро" тўқнашуви: меҳмонларнинг ҳисобга олинмаган голи.
"Навбаҳор" - "Бухоро" учрашувининг 3-дақиқасида меҳмонлар ҳисобни очишга муваффақ бўлди, лекин 9-рақамли футболчи дарвозабонга нисбатан ўйин қоидасини бузди. Бош ҳакам Аскер Нажафалиев голни инобатга олмади ва фол қайд этилганини маълум қилди.  

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда футболчи дарвозабонга нисбатан қўпол ҳаракат қилган. Қоидага кўра, бу каби ҳолларда фол қайд этилади. Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамнинг қарорини тўғри, деб ҳисоблайди.

https://youtu.be/Xa0dkbT94-Q?list=PL4tHyf5I--njTjOeIqoPss1M7eT8R5gYF

5-вазият: "Бунёдкор" - "Қизириқ": баҳсли 11 метрлик жарима зарбаси.
"Бунёдкор" - "Қизириқ" беллашувининг 81-дақиқасида меҳмонларнинг 16-рақамли футболчиси тошкентликларнинг 57-рақамли вакилини қўли билан туртди. Бош ҳакам Достон Мирзараимов дастлаб баҳсни давом эттирди. Ўйин тўхтагандан сўнг ВАР ҳаками уни монитор ёнига чақиргач, нуқтага ишора қилди.  
 

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Мазкур ҳолатда ҳимояланаётган футболчи қулай ҳудудга чиқиб бораётган рақибини туртиб йиқитган. Пеналти белгилаш учун асос етарли ва Эксперт-ҳакамлар комиссияси томонидан бош ҳакамларнинг қарори тўғри, деб топилди.

https://youtu.be/RYOyVGPaxMw?list=PL4tHyf5I--njTjOeIqoPss1M7eT8R5gYF

6-вазият. "Арал" - "Пахтакор" тўқнашуви: баҳсли пенальти.


"Арал" - "Пахтакор" учрашувининг 18-дақиқасида номинал мезбонларнинг 77-рақамли вакили меҳмонлар посбони билан тўп учун ўйнади ва тўпни ўзидан узоқлаштириб юборгач, пеналти ишлашга ҳаракат қилди. Бош ҳакам Найим Қосимов пенальти учун асос етарли эмас, деб ҳисоблади ва баҳсни давом эттирди.  


Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда футболчи тўпни ўзидан узоқлаштириб бўлганди. Қўшимчасига, у пеналти ишлашга ҳаракат қилгани ҳам сезилиб турибди. 11 метрлик жарима зарбаси белгилаш учун асос етарли эмас. Шу сабабли, комиссия томонидан ҳакамларнинг қарори тўғри, деб ҳисобланди.

https://youtu.be/_809SD96uDY?list=PL4tHyf5I--njTjOeIqoPss1M7eT8R5gYF

7-вазият. "Арал" -"Пахтакор" қарама-қаршилиги: меҳмонларнинг ҳисобга олинмаган голи.


"Арал" - "Пахтакор" учрашувининг 90+2-дақиқасида меҳмонлар яна бир гол уришга муваффақ бўлди. 31-рақамли М. Усмонов қанотдан узатиб берилган пасдан сўнг тўпни дарвозага киритди. Бош ҳакам Найим Қосимов голни инобатга олмади ва офсайд қайд этилганини маълум қилди. ВАР ҳам қарорни тасдиқлади.
 

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда футболчи ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетган. ВАР ҳакамлар қарорини текшириб чиқиб, офсайд тўғри қайд этилганини маълум қилди. Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамларнинг қарорини тўғри, деб ҳисоблайди.

https://youtu.be/0w7BpDUi4_s?list=PL4tHyf5I--njTjOeIqoPss1M7eT8R5gYF

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Абдигани
12/07/2024 06:17
Хомий артел суддя-Артел. Эксперт хам Артел экан хаммаси тугри.