Ўзбекистон Кубоги. "Пахтакор"ни олдинда қулай рақиб кутяптими?

Эртага Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичининг охирги 3-тур учрашувлари бошланади. 26 апрель куни “I” гуруҳида “Пахтакор” ўз майдонида Жиззахнинг “Сўғдиёна”сини қабул қилади. “Пахтакор” матбуот хизмати беллашув олдидан статистик маълумотларни тақдим этди.

“Пахтакор” футболчиси Диёр Ортиқбоев дисквалификация туфайли баҳсни ўтказиб юборади. "Шерлар" ғалаба қозонса биринчи ўринни, дуранг ўйнаган тақдирда иккинчи поғонани эгаллаб, нимчорак финал йўлланмасини қўлга киритиши мумкин.

Ҳозирга қадар жамоалар Кубок баҳсларида 8 бор тўқнаш келишган. Уларнинг 6 тасида "Шерлар" зафар қучган бўлса, икки беллашувда дуранг натижа қайд этилган. “Пахтакор” рақиб дарвозасига 29 гол уриб, ўз дарвозасидан 8 тўп ўтказиб юборган. Тошкентда майдон эгалари беш бор ғалабага эришган.

Кубокдаги ўзаро ўйинларда Миржалол Қосимов 3 та гол уришга эришган. “Пахтакор”дан Жаъфар Ирисметов, Анвар Солиев, Дилмурод Назаров, Игорь Сергеев, Эрен Дердийок ва рақибдан Қобил Алиқулов иккитадан гол муаллифига айланган.

"Пахтакор" ва "Сўғдиёна" жамоалари ўртасида Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичи 3-тур ўйини 26 апрель, жума куни "Пахтакор" стадионида соат 16:30да бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!