Ўзбекистон Марказий Осиё ўйинларида иштирок этадими?
Бир неча оммавий ахборот воситаларида 2021 йилдан минтақамиз мамлакатлари ўртасида Марказий Осиё ўйинларининг тикланиши, унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва Эрон давлатлари иштирок этиши ҳақида хабар тарқалди.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) ушбу хабар юзасидан расмий баёнот беради. Жорий йилнинг 13 февраль куни Қозоғистоннинг Нур-Султан шаҳрида Марказий Осиёнинг юқорида санаб ўтилган мамлакатлар Миллий олимпия қўмиталари Бош котиблари иштирокида учрашув бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон МОҚдан ҳам вакил иштирок этди. Учрашувда 2021 йилдан Марказий Осиё ўйинларини қайта тиклаш масаласи кўриб чиқилди.
Мазкур йиғилиш бўйича шуни маълум қиламизки, ҳақиқатдан, барча МОҚ вакиллари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашди ва бу борада ўз фикрларини билдиришди. Ўзбекистон томони ҳам мазкур ташаббусни маъқуллади. Бироқ Марказий Осиё ўйинлари мусобақасида делегациямизнинг расман иштирок этиш масаласи Ҳукуматимиз билан келишилган ҳолда ҳал этилади. Нур-Султан шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон МОҚ вакили бу хақда йиғилиш ташкилотчиларини хабардор қилган.
Шундай экан, Ўзбекистон делегациясининг Марказий Осиё ўйинларида иштирок этиши масаласига ойдинлик киритилгач, Миллий олимпия қўмитаси бу хақда алоҳида расмий баёнот беради.
Манба: olympic.uz
Фикрлар