Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси “Йилнинг энг яхши федерацияси” деб топилди!

Бугун, 26 декабрь куни пойтахтимиздаги “Наврўз” тантаналар саройида йил жорий йил якунларига бағишланган “Миллий спорт мукофоти-2019” тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Эътиборлиси, Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси “Йилнинг энг яхши федерацияси” сифатида эътироф этилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси спортчилари якунланиб бораётган 2019 йилда жами 18 та Халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишди ва уларда 33 та олтин, 16 та кумуш ҳамда 18 та бронза медалларига сазовор бўлишди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу мукофот нафақат Паралимпия спортчиларининг кўрсатган натижалари, балки, ушбу ташкилот раҳбарияти ҳамда унда фаолият олиб бораётган ҳар бир ходимнинг улкан меҳнатлари самарасидир.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги пайтгача жами 15 нафар паралимпиячимиз келгуси йил Токиода бўладиган Ёзги Паралимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!