Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2 июнь куни Туркия билан ўртоқлик ўйини ўтказади

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларига жиддий тайёргарлик кўриш мақсадида, июнь ойидаги ФИФА кунларида КХДР ва Сурия терма жамоаларига қарши ўртоқлик ўйинлари ўтказиши ҳақида хабар бериб ўтгандик. Мазкур ўйинлар пойтахтимиз Тошкент шаҳрида ўтказилади.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Халқаро алоқалар департаменти томонидан ўтказилган музокаралар натижасида миллий терма жамоамиз учун яна бир кучли спарринг-рақиб топилди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар бермоқда.

Шу йилнинг 2 июнь куни Эктор Купер бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси Анталияда Туркия терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказади.

Маълумот учун, Туркия терма жамоаси айни пайтда ФИФА рейтингида 39-поғонани эгаллаб турибди. Терма жамоа таркибида Италиянинг "Милан", "Сассуоло", Англиянинг "Эвертон", "Лестер", Франциянинг "Лилль", Германиянинг "Штутгарт", Испаниянинг "Сельта" каби клубларида тўп сурадиган кучли футболчилар бор. Ҳозирда Туркия терма жамоасини Шенол Гюнеш бошқариб келмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!