
Шомуродов кучайиб кетди...
2026 йили АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қиладиган навбатдаги жаҳон чемпионатига йўлланма олган Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва энг зўр тўпурари Элдор Шомуродов яна муҳокамалар марказида бўлиб турибди.
“Рома”да мавсумни юқори даражада якунлаган футболчимизнинг харидорлари кўпайиб бормоқда. Сўнгги пайтда легионеримиз АҚШ, Франция ва Туркия клубларидан таклиф олгани ҳақида маълумотлар кўп тарқатила бошлади.
Шу билан бир қаторда Элдор Шомуродов Россия чемпионатида “Ростов”да бирга ўйнаган собиқ жамоадошларининг ҳам эътиборида турибди. Хусусан, ҳамюртииз билан ростовликлар шарафини ҳимоя қилган россиялик футболчи Арсений Логашов журналистлар билан суҳбатда ўзбекистонлик форварднинг кучли томонлари ҳақида гапириб ўтди.
- Элдор менда ҳар томонлама ижобий таассурот қолдирган. У мақсад сари интилувчи, тезкор, гол уришни биладиган, техник имкониятлари юқори ва майдонни яхши кўра оладиган футболчи.
Шомуродовга “Ростов”да бош мураббий Валерий Карпин жуда кўп ёрдам кўрсатган. Унинг агентларидан Герман Ткаченко ҳалигача катта кўмак бериб келади.
Элдорни кимга қиёслаш мумкин? Менимча, ҳеч кимга ўхшамайди. Бизнинг Элдор шунақа.
Шомуродов йилдан йилга кучайиб, маҳорати ошиб бораётганини ва кўпроқ ўйнаётганини кўришимиз мумкин. У тўғри йўлдан кетяпти, яъни меҳнаткаш, кўнгли очиқ, самимий ва бир сўз билан айтганда, ажойиб йигит. Мен унга энг яхши тилакларимни билдираман.
Мен ўзбек футболчиларини катта ўсиш билан табриклайман. Ҳозир уларда жуда кучли терма жамоа шаклланган. 2004 йили Греция Европа чемпионатида уддалагани каби Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам 2026 йилги жаҳон чемпионатида сюрприз намойиш қилишга қодир, - деди Арсений Логашов.
Эслатиб ўтамиз, Арсений Логашов “Ростов”дан ташқари “Химки”, “Анжи”, “Локомотив Москва”, “Тосно”, “Балтика” ва “Кубань” каби жамоаларда тўп тепган. 2014 йили “Ростов” сафида, бир йилдан кейин “Локомотив” жамоаси таркибида Россия кубогида ғолиб чиққан.
Элдор Шомуродов Ўзбекистонда “Машъал” ва “Бунёдкор” жамоалари шарафини ҳимоя қилганидан кейин 2017 йили “Ростов”га кўчиб ўтди. Унинг кучли ҳужумчи бўлиб етишишида футболчилик даврида Европа майдонларида ҳам порлаган бош мураббий Валерий Карпиннинг ҳиссаси катта бўлганини таъкидлаш лозим.
Ҳамюртимиз 2020 йилнинг октябрь ойида Италиянинг энг қадимий жамоаси “Женоа”га кўчиб ўтди ва дебют мавсумидаёқ саккизта гол ургани бир неча гранд клубларнинг эътиборини ўзбек футболчисига қаратди. Натижада Шомуродов “Рома” футболчисига айланди.
Римликлар билан узоқ муддатли шартнома тузган ҳужумчи орада ижара асосида “Специя” ва “Кальяри”да ҳам ўйнаб келди.
Умуман олганда, Элдор Шомуродов Италиянинг тўрт клуби сафида А Серияда жами 129 та учрашувда иштирок этиб, ўз ҳисобига 19 та гол ва 13 та ассист ёздириб қўйди. Ҳужумчимиз 2021 йили илк бор ўтказилган УЕФА Конференциялар лигасининг биринчи ғолиби сифатида номини тарихга ёздириб қўйган.
Шомуродов 2015 йилдан бери Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси. У халқаро майдонда жами 82 та учрашувда қатнашиб, рақиблар дарвозасини 42 марта ишғол қилган.
Фикрлар