Ўзбекистон миллий терма жамоаси 20 та ўйиндан бери мағлуб бўлгани йўқ

Кеча Ўзбекистон миллий терма жамоаси "Жаҳон чемпионати-2026" саралаши доирасида БААга қарши ўта муҳим ўйинда майдонга тушди ва Отабек Шукуров томонидан пеналтидан киритилган ягона гол эвазига қимматли 3 очкони қўлга киритди. 

Бу орқали вакилларимиз ўз очколари ҳисобини 10 тага етказиб олди ва турнир жадвалида Эрон билан биргаликда якка пешқадам бўлиб турибди. Энди ҳамюртларимиз навбатдаги учрашувини 14 ноябрь куни азалий ва ашаддий рақибимиз саналган Қатар миллий терма жамоаси билан сафарда ўтказади. Орадан 5 кун ўтиб, 19 ноябрь санасида эса, термамиз Лаос мамлакатига ташриф буюради ва у ерда ҳам мундиал саралаши йўлидаги навбатдаги қарама-қаршиликда майдонга чиқади. Рақиб эса, яна бир яхшигина бошоғриқ саналган Шимолий Корея миллий терма жамоаси бўлади.

Эътиборга молик жиҳати, кечаги ғалабадан сўнг, термамиз ўзига тегишли рекордни янада яхшилаб олди. Гап шундаки, Ўзбекистон 20 та ўйиндан бери мағлубият нималигини билмай келмоқда. Жамоамиз сўнги маротаба 2023 йилнинг 10 сентябрь куни АҚШга йирик 3:0 кўринишида мағлуб бўлган эди. Бу борада ҳаттоки, "Евро-2024" ғолиби Испания ва Африка миллатлар кубогининг амалдаги соҳиби Сенегал ҳам бизга тенг кела олмайди. "Қизил фурия"да бу борада 14 ўйинлик мағлубиятсиз серия мавжуд. Садио Мане етакчилигидаги "Теранги шерлари" эса, 16 ўйиндан бери ютқазмай келмоқда.

АҚШ билан ўйиндан кейин бўлиб ўтган 20 та беллашувнинг 13 тасида биз музаффариятга эришганмиз. Қолган 7 та баҳс дуранг натижа билан хотима топган. Қатар билан Осиё Кубогининг чорак финалида ўтказилган ўйинда гарчи мағлуб бўлган бўлсакда, у қарама-қаршиликнинг якуний натижаси пеналтилар сериясига кўра ҳал бўлганлиги сабабли мазкур беллашув ҳалқаро реестримизга мағлубият сифатида киритилмайди. 

Шу ўринда баъзи манбаларда бизнинг ютуқли сериямиз 20 та эмас, балки 18 та деб кўрсатилмоқда. Сабаби шундаки, ўтган йилнинг 25 декабрида Қирғиз Республикаси ва шу йилнинг 7 январь куни Фаластинга қарши ўтказилган ҳалқаро ўртоқлик учрашувлари ФИФА кунларидан ташқарида бўлиб ўтган. Шу боисдан ҳам, халқаро футбол федерациясининг расмий саҳифаларига бу икки баҳснинг натижалари киритилмаган. Бироқ, расмий бўлмаса-да, терма жамоамиз айни пайтда 20 та ўйиндан бери мағлуб бўлмай келаётганлиги бу аниқ факт. 

Нима бўлган тақдирда ҳам биз оҳиригача миллий терма жамоамизга ишонамиз. Олдимизда турган навбатдаги икки баҳсда ижобий натижага эришиб, 2025 йилнинг 20 март куни Қирғиз Республикасига қарши бўладиган қарама-қаршиликда барчамиз ватан жамоасини тарихда илк бор ҳар тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаларидан бири Жаҳон чемпионатига йўл олганини нишонлаш насиб этсин.

                                                                                                                                                                                                         Ҳумоюнмирзо Эргашев

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!