Ўзбекистон ММА футболкасини кийган Криштиану Роналду инстаграмдаги битта пости учун қанча пул топади?
Бир неча кун аввал Криштиану Роналду Ўзбекистон аралаш жанг санъати ассоциацияси либосида расмга тушиб, инстаграмдаги саҳифасига жойлаштирди.
Бу ҳолат кўпчиликнинг эътиборини тортди. Чунки яқиндаги ташкил этилган спорт ассоциацияси футболкасини жаҳон юлдузи, инстаграмда энг кўп обуначига эга бўлган Роналду реклама қилди. Хўш, португалиялик футболчи одатда бундай постлар учун қанча пул ишлаб оларди?
Маълум бўлишича, Криштиану Роналду инстаграмдаги ҳар бир рекламаси учун 1 миллион долларга яқин маблағ ишлаб топади.
UMMA.UZ ёзувли футболкасида расмга тушиб, "Энг катта муҳаббат" дея номлаган Криштиану ассоциациядан қанча пул олгани борасида саволлар пайдо бўлгани аниқ.
Бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида kun.uz сайти мухбири Ўзбекистон аралаш жанг санъати ассоциацияси билан боғланди. Ташкилот биринчи вице-президенти Шерзод Тошматов эса қуйидагиларни баён қилди.
- Табиийки, Роналду бизнинг футболкамизни кийиши учун пул тўламаганмиз. Биринчидан, бизда бунақа катта пул йўқ, бундан ташқари, ҳозир олдимизда бундан муҳимроқ ишлар турибди.
Биз ҳали янги ташкилотмиз, шу сабаб маҳаллий миқиёсда ривожланиш ҳақида ўйлаётган бир вақтда глобал пиар учун пул ажратишимиз мантиққа тўғри келмайди. Биз ҳали мамлакат доирасидаги мусобақалар ўтказиш ва аралаш жанг санъатини оммалаштириш бўйича кўпроқ бош қотиряпмиз.
Албатта, маркетинг борасида ҳам ҳаракатлар бўляпти. Роналду буюк спортчи, лекин биз ассоциация брендини ривожлантириш учун реклама «юзини» футболчилар орасидан қидирмаган бўлардик. Суратда Роналду бизнинг эски логотипимиз туширилган футболкани кийган. Февраль ойида янги логотипни эълон қилгандик ва агар Роналдуга пул тўлаган бўлсак, у янги логотипдаги либосни кийган бўларди.
Роналду қолган кўплаб жаҳон спорти вакиллари қаторида бизнинг бренд чиқарган футболкани совға сифатида қабул қилган. Биз кўплаб юлдузларга совға юборганмиз ва уларнинг ҳеч бирига уларни қандайдир ҳолатда кийиш мажбуриятини қўймаганмиз. Роналду бизнинг футболкани кийишга қарор қилибди ва бу жуда ажойиб. Суратда логотипимиз тўлиқ кўринмаган бўлса-да, буни кўриш ёқимли бўлди, - деди Шерзод Тошматов.
Роналду 7 май куни кийиб расмни жойлаштирган ушбу постга инстаграмда 7.5 миллиондан ортиқ обуначи лайк босган. Унинг ушбу тармоқда 219 миллион обуначиси мавжуд.
Фикрлар