Ўзбекистон МТЖ Ҳиндистонни қай тарзда мағлуб этди?
Бугун Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё кубоги иккинчи турида Ҳиндистон билан куч синашди. Биринчи турда Сурия билан дуранг ўйнаган терма жамоамиз иккинчи ўйинда зафар қучди.
Ҳиндистон ўйинни назорат қилиш билан бошлади. Тезкор гол ҳам уларнинг режаларидан ўрин олгани ҳужумлардан кўринди. Аммо бу ўткинчи ҳолат бўлиб чиқди.
4-дақиқада Абосбек Файзуллаев боши билан ҳисобни очди. Чап қанотдан Шерзод Насруллаев узатмани амалга оширди. Отабек Шукуровга етиб келган тўпни у Файзуллаевга узатди. Аббосбек эса дарвозани қийинчиликсиз ишғол қилди. Шу тариқа, терма жамоамиз стадионга ташриф буюрган жуда кўплаб ҳиндистонлик мухлисларни тинчлантирди.
Ҳисобни очиб олган терма жамоамизнинг ҳаракатлари қовуша бошлади. 11-дақиқада Жалолиддин Машарипов стандартдан тўпни дарвозага йўналтирди. У тепган тўп устун ва тўсин туташган жойга тегиб, анчагина хавфли вазият содир этди.
18-дақиқада Игорь Сергеев катта саҳнага чиқди. Аббосбек ва Игорь тандеми иш берди. Файзуллаевнинг пасини бартараф этиш арафасида ҳимоячи сал қолса ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйиши мумкин эди. Лекин иккинчи уринишда ҳамюртларимиз гол уришди. Қайтган тўпни Сергеев тўрга йўллади.
Тайм ўрталарида Ўткир Юсупов ва ҳимоячилар ўртасида тушунмовчилик юзага келди. Яхшиямки рақиб дарвозабонимизнинг совғасидан фойдалана олмади.
45+5-дақақада ўнг қанотдан оширилган тўпни жарима майдони ичида пайдо бўлиб қолган Шерзод аввалига устунни нишонга олди. Иккинчи уринишда эса дарвозага тўпни йўллашга муваффақ бўлди. Танаффусга ишончли ва йирик ҳисобдаги ғалаба билан йўл олдик.
46-дақиқада Шерзод Насруллаев ўрнига Зафармурод Абдураҳматов майдонга тушди.
49-дақиқада рақибимиз штурм уюштирди. Бахтимизга уларнинг сафида дарвозани ишоғол қиладиган футболчи топилмади.
Қайд этилаётган ҳисоб вакилларимизни қаноатлантиргани боис қарши ҳужум тактикасига ўтди. Натижада Ҳиндистон терма жамоасида вазиятлар яратилди. Аммо якун бўлмади.
71-дақиқада Умар Эшмуродов кўк либосдаги футболчининг деярли голлик пасини “подкат”и билан йўққа чиқарди. Бурчакдан оширилган тўпни ҳиндистонлик футболчи дарвозамизга йўналтирди. Ўткир қийинчилик билан бартараф этди.
Мураббий аввалгига Жалолиддин Машарипов ўрнига Ҳожимат Эркинов, Остон Ўрунов ўрнига Азизбек Турғунбоевни алмаштирди. Кейинчалик Одил Ҳамробеков ва Аббосбек Файзуллаев ўрнига Жамшид Болтабоев ва Жамшид Искандеров майдонга тушди.
Қолган дақиқаларда жамоаларда навбати билан олдинга ўтиш имконияти юзага келди. Бироқ ҳисоб ўзгармади.
Фикрлар