Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерациясига янги раис сайланди

Конференция ишида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, МОҚ вице-президенти Азизжон Камилов, Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси мутасаддилари, федерациянинг минтақавий бўлими раҳбарлари, мураббийлар, спортчилар ва Оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. Бу ҳақда МОҚ расмий сайти хабар бериб ўтди.

Конференция кун тартибидаги асосий масала федерациясига янги раис ва унинг биринчи ўринбосарини сайлашдан иборат эди. Конференцияни олиб борган ташкилот Бош котиби Ж. Атабуллаев федерация раислигига Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Ойбек Кабилжанович Норинбоев номзодини таклиф қилди. Конференция иштирокчилари ушбу номзодни бир овоздан қўллаб қувватлашди ва Ойбек Норинбоев Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси раиси этиб сайланди.

Раиснинг биринчи ўринбосари лавозимига эса Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг туризм ва транспорт объектларида хавфсизликни таъминлаш бўйича ўринбосари Дониёр Бахтиёрович Кадиров номзоди илгари сурилди. Делегатлар бу номзодга ҳам ишонч билдиришди ва Дониёр Кадиров бир овоздан Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси раисининг биринчи ўринбосари этиб сайланди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!