Ўзбекистон Португалияга қарши қайси стадионда баҳс олиб боради?
2026 йил АҚШ, Канада ва Мексика давлатлари мезбонлик қиладиган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида илк бор иштирок этади. Фабио Каннаваро шогирдлари "К" гуруҳидан жой олиб, Португалия, Колумбия ҳамда Конго / Янги Каледония / Ямайка жамоалари билан беллашади.
Терма жамоамиз иккинчи турда Криштиану Роналду бошчилигидаги Португалияга қарши майдонга тушади. Ушбу баҳс ўтказиладиган стадион ҳақида қуйида маълумотлар билан танишиб чиқишингиз мумкин.
"Хьюстон" стадиони 2002 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, 72 мингдан ортиқ томошабинни сиғдира олади. Стадион очилиб-ёпиладиган томга эга бўлиб, унда футбол билан бир қаторда от спорти ҳамда америкча футбол учрашувлари ҳам ўтказилади. Арена аввалроқ 2016 йилги Copa America Centenario турнири доирасида 3 та ўйинга мезбонлик қилган.
"Хьюстон" стадиони йиллар давомида кўплаб халқаро футбол мусобақаларига мезбон бўлиб келган. Жумладан, бу ерда CONCACAF Gold Cup, MLS All-Star учрашуви ҳамда Англия Премьер-лигаси жамоалари иштирокидаги қатор ўйинлар ўтказилган.
Мазкур ўйингоҳ "ЖЧ–2026" доирасида 7 та учрашувни қабул қилади. Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Португалияга қарши баҳси ҳам айнан шу аренада бўлиб ўтади.
Хьюстон шаҳри эса 20 дан ортиқ машҳур музейлари, жумладан Табиий фанлар ва тасвирий санъат музейи, шунингдек Hermann Park каби яшил ҳудудлари билан жаҳон чемпионати меҳмонлари учун унутилмас таассуротлар тақдим этади.



Фикрлар