Ўзбекистон “қора анъана”га чек қўйди ёхуд Қатардаги рекордлар, сенсациялар ва фактлар
Қатар мезбонлик қилаётган Осиё кубогининг гуруҳ босқичи якунланиб, мусобақага келган жами 24 мамлакат терма жамоаларидан энг кучли 16 таси плей-офф босқичига йўл олди.
Айни пайтда бу жамоалар 1/8 финал учрашувига пухта тайёргарлик кўрмоқда.
Осиё кубоги гуруҳ босқичининг учинчи турида ҳам сенсацион натижалар ва қизиқарли рекордлар кузатилди.
Sports.uz портали учинчи тур якунларига кўра, мусобақада рўй берган эътиборга молик воқеалари ҳақида маълумот беради.
Аввало, Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун муҳим бўлган маълумотларни келтирамиз. Осиё кубогининг учинчи турида футболчиларимиз Австралия терма жамоаси билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Мана шу баҳсда иккита муҳим воқеа қайд этилди.
Ўзбекистон миллий терма жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолган Азизбек Турғунбоев “кенгурулар” дарвозасига гол урган биринчи ўзбек футболчисига айланди. Бунгача тўртта учрашувда ҳамюртларимиз австралияликлар дарвозасига йўл топа олмай келганди.
Иккинчи муҳим воқеа – Криштиану Роналду услубида гол урган Азизбек Турғунбоев Австралия терма жамоасининг “қуруқ” сериясига чек қўйди. Ўз дарвозасидан кетма-кет олтита учрашувда тўп ўтказмай келаётган австралияликларнинг бу серияси 651 дақиқада ўзбек футболчиси томонидан тўхтатилди.
Энди Сречко Катанец шогирдлари яна бир бор мураккаб ишни амалга ошириш керак. Гап шундаки, нимчорак финалдаги рақиб – Таиланд терма жамоаси Осиё кубогининг дастлабки учта учрашувида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб келаётган икки жамоадан бири. Ҳали тўп ўтказмаган яна бир жамоа мусобақа мезбонлари – қатарликлардир.
Таиланд дарвозабони Саранон Ануин чемпионат қаҳрамонларидан ҳисобланади. Истеъдодли голкипер Саудия Арабистонига қарши ўтказилган баҳсда ўз дарвозасига йўлланган барча тўпларни қайтарди. Ҳатто, саудияликлар вакили Абдулла Радифнинг 11-метрлик белгидан йўллаган зарбасини ҳам ўтказгани йўқ.
Жароҳат туфайли Элдор Шомуродов ва Игорь Сергеев каби икки етакчи тўпурардан айрилган Ўзбекистон миллий терма жамоаси мусобақанинг энг мустаҳкам ҳимоя чизиғига эга жамоаси ва унинг ишончли посбони дарвозасига йўл топиши талаб этилади.
Осиё кубоги гуруҳ босқичи учинчи тур доирасида яна қуйидаги муҳим воқеалар бўлди:
Гуруҳ беллашувларидан муваффақиятли ўтган 16 та терма жамоадан тўрттаси илк бор плей-офф йўлланмасини қўлга киритди. Индонезия, Фаластин, Сурия ва Тожикистон илк бор гуруҳдан чиқди.
* * *
Индонезия, Фаластин ва Сурия энг яхши кўрсаткичга эга учинчи ўрин соҳиблари сифатида плей-оффга йўлланма олган бўлса, Тожикистон футболчилари гуруҳда иккинчи ўринни эгаллади. Шу тариқа, тожикистонликлар 2000 йилдан бери Осиё кубогидаги биринчи иштирокидаёқ плей-оффга йўл олган тўртинчи терма жамоа бўлди. Аввал бу натижани Иордания (2004 йил), Австралия (2007 йил) ва Қирғиз Республикаси (2019 йил) қайд этган.
* * *
Гуруҳ босқичида энг кўп – 8 тадан гол урган терма жамоалар Жанубий Корея ва бир квартетдан жой олган Ироқ ва Япония бўлди.
* * *
Малайзия ва Вьетнам учта ўйинда энг кўп – 8 тадан тўп ўтказиб юборди.
* * *
Сурияда терма жамоаси ҳиндистонликларни 1:0 ҳисобида енгиб, Осиё чемпионатларидаги еттита ўйиндан иборат бўлган ғалабасиз сериясига барҳам берди. Сурия сўнгги бор 2011 йили Саудия Арабистони устидан 2:1 ҳисобида зафар қучганди.
* * *
Жанубий Корея билан 3:3 ҳисобида дуранг ўйнаб, шов-шув кўтарган Малайзия футболчилари бу рақибдан 39 йилдан бери энди бир очко тортиб олди. Малайзияликлар сўнгги бор 1986 йилги жаҳон чемпионатининг саралашида Куала-Лумпурда кореяликларни кичик ҳисобда мағлуб этганди.
* * *
Фаластин терма жамоаси Осиё кубогида 2015 йили дебют қилганидан бери ғалаба қозона олмаётган эди. Бу гал фаластинликлар Гонконг дарвозасини уч бор ишғил қилиб, саккизта учрашувни ташкил қилган ғалабасиз серияга чек қўйди.
* * *
Хитой терма жамоаси дарвозасига ғалаба тўпини киритган Ҳасан Ал-Ҳайдос учта Осиё кубогида гол урган биринчи қатарлик футболчига айланди.
* * *
Саудия Арабистони ҳужумчиси Талал Ҳожи бу галги чемпионатнинг энг ёш иштирокчиси бўлди. Талал Таиландга қарши ўтказилган учрашувда майдонга тушган пайтда 16 ёш, тўрт ойлик ва тўққиз кунлик эди.
Файзуллаев дарров ўзини кўрсатди!
Фикрлар