Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори имзоланди

Ўзбекистонда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга спорт билан шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишларини таъминлаш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёев “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарорга мувофиқ, барча турдаги спорт таълим муассасаларида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар учун спорт бўлимларини босқичма-босқич ташкил этиш ҳамда иқтидорга эга бўлган жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни танлаб олиш, уларни спорт турларига йўналтириш, тайёрлаш ҳамда олий спорт маҳоратига эришишни таъминловчи узлуксиз ягона комплекс тизимни жорий этиш белгиланди.

Шунингдек, ҳужжат билан паралимпия спорт турлари бўйича малакали мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини яратиш ҳамда илмий тадқиқотлар олиб бориш кўзда тутилган.

Қарор билан жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларини рағбатлантириш, жисмоний ва ижтимоий мослашуви интеграциясини дастурий-услубий таъминлаш режалаштирилмоқда.

Спорт таълим муассасаларида (шу жумладан, олий таълим муассасаларида) фаолият юритаётган паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш тизимини кучайтириш каби масалалар ҳам қарорда ўз ифодасини топган.

5_1

Қарорга кўра, Паралимпия қўмитаси Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциациясининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, жумладан халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади. 

Паралимпия қўмитасининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

• паралимпия спорт турларини оммавийлаштириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш;

• ёзги ва қишки паралимпия спорт турларини ривожлантиришга кўмаклашиш, спорт объектлари ва иншоотларининг концепциялари, техник топшириқлари, техник-иқтисодий асослари/параметрлари ва бошқа лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

• паралимпия спорт турлари билан шуғулланадиган тренерлар, услубчи-йўриқчилар ҳамда бошқа мутахассисларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва касбий ривожлантиришнинг замонавий ва самарали тизимини жорий этиш;

• республикада ёки бошқа халқаро спорт федерациялари (ассоциациялари) ва бошқа ташкилотларида ўз аъзоларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш, ўз аъзоларини ахборот, илмий-услубий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш;

• паралимпия спорт турларини ривожлантириш бўйича клублар фаолиятини ташкиллаштириш ва самарали бошқариш, миллий ва халқаро спорт ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашиш.

2_3

Бундан ташқари, Президентнинг янги қарори билан паралимпия спорт турларини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш, услубий қўллаб-қувватлаш ва мониторинг қилиш мақсадида Паралимпия қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Паралимпия факультети ташкил қилинади.

Шу билан бирга, Паралимпия қўмитаси ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институти ҳам ташкил этилади.

Институт паралимпия спорт турлари билан шуғулланувчи мураббийлар, услубчи-йўриқчилар ҳамда бошқа мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга ихтисослашган илмий-таълим муассасаси ҳисобланади. 

Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб шартнома (пуллик) асосида кўрсатиладиган хизматлар, юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, норезидентларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро ва чет эл ташкилотларининг грантлари, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар белгиланади. Бундан ташқари, қўшимча молиялаштириш учун Давлат бюджети маблағлари ҳам йўналтирилиши мумкин.

6_4

Мамлакатимизда бир йилда бир марта Параспорт халқаро фестивали ўтказилади. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида маълум қилинган.

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб “Спорт ҳамма учун” лойиҳаси доирасида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни параспорт турлари билан кенг қамраб олиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда жамиятга интеграция қилиш мақсад қилинган. 

Қарор билан ҳар йили “3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни”га бағишлаб кўзи ожизлар, заиф эшитувчилар ва ампутантлар ўртасида параспорт турлари туркумига киритилган парастол тенниси, 5х5 футбол, голбол, параенгил атлетика, парапауэрлифтинг, парабадминтон, шахмат ва бошқа спорт турлари бўйича Тошкент шаҳрида республика параспорт фестивали, шунингдек, бошқа ҳудудларда параспорт фестиваллари ташкил этилади. 

4_2

Ҳужжатга кўра, имкониятлари чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари (мактаблар, мактаб-интернатлар) ўқувчилари ўртасида паралимпия спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этилиб, таниқли спортчилар томонидан маҳорат дарслари, семинарлар, конференция ва давра суҳбатлари ўтказилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!