Ўзбекистон “Rowing&canoe” федерациясига янги раҳбар сайланди

Тадбирда Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари Азизжон Камилов, Федерация раҳбарияти ва унинг ҳудудий вакиллари иштирок этишди.

Йиғилишни Ойбек Касимов олиб борди. Даставвал, шу давргача Ўзбекистон “Rowing&canoe” федерацияси раиси лавозимида ишлаб келган Алишер Султоновнинг ўз хоҳишига кўра ёзган аризаси кўриб чиқилди ва делегатлар томонидан қаноатлантирилди.

Шундан сўнг йиғилиш кун тартибидаги асосий масалага ўтилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Геология, энергетика, саноат ва унинг базавий тармоқларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси - Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси Бобур Фархадович Исламовнинг номзоди федерацияси раиси лавозимига таклиф этилди ва конференция иштирокчилари томонидан бир овоздан маъқулланди. Шу тариқа Бобур Исламов Ўзбекистон “Rowing&canoe” федерацияси раиси этиб сайланди.

Маълумот учун, Бобур Фархадович Исламов 1981 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Фаолиятини геолог сифатида бошлаган мутахассис йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг турли лавозимларида самарали меҳнат қилди. 2017 йилдан ушбу Қўмита раиси сифатида фаолият юритмоқда.

Тадбирда сўз олганлар федерациянинг янги раҳбарига мамлакатимизда эшкак эшиш спорти ривожини янги даражага олиб чиқиш, Париж-2024 Олимпиадасига имкон қадар кўпроқ лицензиялар қўлга киритиш ва унда медалларга эга чиқишда куч-ғайрат ва омад тилашди. Хусусан, Адҳам Икрамов сўз олиб, номзод ҳақида илиқ фикрларни билдирди. Унга кўра, янги раҳбарнинг бой тажрибаси ва салоҳияти эвазига федерация иши янада жонланиши, қўшимча имкониятлар яратилиши, яқин вақт ичида мамлакатимизда ушбу спорт оммавийлигининг ошишига ишонишини таъкидлаб ўтди. Ўз ўрнида Бобур Исламов билдирилган ишончни оқлашга, эшкак эшиш спортини мамлакатимизда янада оммалаштириш, спортчиларимизнинг халқаро майдондаги ютуқлари учун барча шароитларни яратиб беришга ваъда берди.

Шунингдек, йиғилиш давомида Азизжон Камилов ҳам сўз олиб, янги раҳбарнинг келгуси фаолиятига омад тилади. Шунинг билан, Ўзбекистон “Rowing&canoe” федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўз ишини якунлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!