Ўзбекистон Суперлигаси. "Сурхон" - "Локомотив": Қайси жамоа ғалабасиз сериясига якун ясайди?

Бугун Суперлига 19-тури доирасида "Сурхон" "Локомотив" билан куч синашади. Ушбу баҳс 17:00 да старт олади. 

Мазкур ўйин олдидан биз жамоаларнинг охирги натижаларига эътибор қаратишни лозим топдик. Қуйида сизларга айрим қизиқарли фактларни келтириб ўтамиз. 

Демак, "Сурхон" жамоаси қаторасига 6 ўйиндан буён мағлубиятга учраб келмоқда. Ачинарлиси, бу баҳслардаги тўплар нисбати - 2:15. Янги бош мураббий бугун нохуш анъанага чек қўйишга ҳаракат қилиб кўради. 

"Локомотив"да ҳам вазият ҳавас қиларли даражада эмас. Тошкентликлар охирги 10 ўйинда атиги битта ғалабани қўлга киритган. Сўнгги 4 беллашувдан бери клуб зафар қучиш нималигини билмай келяпти.

"Темирйўлчилар" сафида энг кўп майдонда ҳаракат қилган футболчи - дарвозабон Абдумавлон Абдужалилов саналади. У 1576 дақиқа Суперлига баҳсларида иштирок этган. "Учар тулпорлар" сафида бу борадаги энг яхши кўрсаткич Бехруз Шайдуловга тегишли - 1513 дақиқа.

Жорий йилнинг 1 май куни Суперлиганинг 6-туридан ўрин олган учрашувида тошкентликлар 2:0 ҳисобида зафар қучган. Икки гол ҳам пенальти орқали киритилганди.

Умумий Ўзбекистон чемпионати ўйинларида жамоалар 9 марта майдонга тушган. Қизиғи, термизликлар шу пайтга қадар бугунги рақибини мағлуб эта олмаган. “Локомотив” 5 марта ғалаба қозонган, яна 4 та ўйинда дуранг қайд этилган. Тўплар фарқи - 4:14, Жепаров шогирдлари фойдасига.

 

Шоҳрух Зоиров тайёрлади. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Alisher Kamalov
17/09/2022 18:56
Локо-Сурхон 0:3
Сурхонга омад. Намангандан