Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ЕЧЛ финали олдидан ўз тахминларини билдириб ўтди
Бугун Европа чемпионлар лигаси финал учрашуви бўлиб ўтади. Унда Мадриднинг "Реал" ҳамда Дортмунднинг "Боруссия" жамоалари тўқнаш келади. Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари мазкур беллашув олдидан ўз тахминларини билдириб ўтди.
"Навбаҳор" етакчиларидан бири Жамшид Искандеров финал ҳақида ўз фикрларини қуйидагича изоҳлади:
"Жуда ҳам қизиқарли финал кутяпман. Беллашувда "Реал" қийинчиликсиз ғалаба қозонса керак. Улар чемпионлар лигасида қандай ҳаракат қилишни яхши билишади. Беллингемдан гол кутяпман! Таҳминий ҳисоб - 3:1".
"Лочинлар"нинг яна бир футболчиси Русланбек Жиянов ҳам "Реал"нинг ғалабасини тахмин қилди.
"Менимча, бугунги чемпионлар лигаси финали жуда қизиқарли бўлади. Тахминимча, "Реал Мадрид" ушбу ўйинда ғалаба қозонади. Чунки "қироллик клуби"ни жуда яхши биласиз, чемпионлар лигаси тарихида энг кўп совринни қўлга киритган жамоа ҳисобланади. Қолаверса, сўнгги йиллардаги иштирокидан ҳам хабардорсиз.
Энди "Боруссия Дортмунд"га тўхталадиган бўлсак, бу жамоа ҳам бежизга финалга етиб келмади. Финалгача бўлган йўлда ПСЖ ва "Атлетико"дек жамоаларни мағлуб этгани бу жамоанинг финалга лойиқ эканлигини билдиради. Финал жуда қизиқарли бўлишига шубха йўқ."
Яқинда "Насаф" билан Суперкубокда ғалаба қозонган Акмал Мозговой "қироллик клуби" қийинчилик билан ғалаба қозонишини тахмин қилди.
Ушбу учрашувда "Реал" ғалаба қозонишини кутяпман, лекин мадридликлар катта қийинчиликка учрайди. Чунки "Боруссия Д" майдонда иккинчи рақамли бўлиб ҳаракатланишни жуда яхши уддалайди ва бундан максимал натижа қила олади. Учрашувдаги тахминий ҳисоб - 2:1, "Реал" фойдасига.
Бундан ташқари, Карло Анчелотти ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида чемпионлар лигасининг кўплаб финалларида қатнашган. Бу фактор ҳам унинг жамоасига қўл келади.
Фарғонанинг "Нефтчи" сафида ҳаракат қилаётган Ҳусаин Норчаев ҳам собиқ жамоадоши Акмал Мозговой билан бир хил ҳисобни тахмин қилди.
"Ушбу учрашувда немислар биринчи бўлиб гол киритишади, "Реал" эса ўзининг услубида хотиржамлик билан ғалаба қозонади. Иккинчи голни ҳам "Реалча" услубда сўнгги дақиқаларда киритади. Винисиус Жуниор ўйиннинг энг яхши футболчиси бўлса керак.
"Қайрат"нинг чап қанот ҳимоячиси Иброҳимҳалил Йўлдошев эса бошқача фикрда.
"Реал" қоғозда фаворит бўлиши мумкин, бироқ "Боруссия" ғалаба қозонса керак. "Сариклар" мадридликларнинг асосий футболчиларидан бир Жуд Беллингемни жуда яхши билади. Жуд бугун ўз даражасида ўйнолмаса керак. Якуний ҳисоб - 2:1 немислар фойдасига."
Эслатиб ўтамиз, "Боруссия" - "Реал" учрашуви бугун тунги соат 00:00да старт олади.
Фикрлар