Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячилари ўз клубларида қандай ҳаракат қилмоқда? (Иккинчи қисм)

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец жаҳон чемпионати 2-саралаш босқичи доирасидаги Туркманистон ва Эронга қарши учрашувларда қатнашадиган футболчиларнинг номини эълон қилди. Унга кўра, қайднома 20 нафар футболчи ва 3 дарвозабондан иборат.

Sports.uz портали сиз азиз мухлисларни ўйлаган ҳолда футболчиларимизнинг клубидаги фаолияти ҳақида маълумот беради. Ҳозирда чақирилган 23 футболчининг 13 нафари легионер бўлса, 10 таси маҳаллий клубларимизда ўйнайди.

Ҳимоячилар.

Рустам Ашурматов.

Ашурматов ҳозирда Қозоннинг "Рубин" жамоасида ҳаракат қилмоқда. 27 ёшли вакилимизни рус жамоасида асосий таркиб футболчиси дея олмаймиз. Ўзбекистонлик ҳимоячи жорий мавсум "қизил-яшиллар" сафида барча мусобақаларда 19 ўйинда майдонга тушиб, 2 голни ўз ҳисобига ёздириб қўйди.

Рустам майдонда умумий 1160 дақиқа ҳаракат қилган. Терма жамоамиз асосий футболчилардан бири 15 учрашувни захирадан кузатган бўлса, 3 учрашувни дисквалификация туфайли ўтказиб юборган. Ҳамюртимиз Россия ички чемпионатининг 25-тур доирасидаги "Локомотив"га қарши баҳсда қизил карточка олиб майдонни тарк этган эди.

Маълумот учун, "Transfermarkt" портали легионеримизнинг трансфер қийматини  700 минг еврога баҳолаган.

Ҳусниддин Алиқулов.

2023-24 йилги мавсумни легионер сифатида бошлаган Ҳусниддин Алиқулов "Ризеспор"нинг асосий таркиб футболчисига айлана олди. 2024 йилнинг дастлабки 2 ойини жароҳат билан ўтказганини инобатга олмасак, 25 ёшли ҳимоячимиз учун ажойиб мавсум ўтди. Ҳамюртимиз Туркия Суперлигасида 21 ўйинда майдонга тушди ва жамоасининг чемпионатда 9-ўринни эгаллашига ёрдам берди. "Transfermarkt" порталига кўра, Алиқуловнинг нархи 1.20 миллион еврони ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, Алиқулов 2024 йилнинг аввалида олган жароҳати сабаб Осиё Кубоги-2024 мусобақасида қатнаша олмади.

Абдуқодир Ҳусанов.

Жорий мавсумдан топ-5 чемпионатимизда ўйнайдиган футболчиларимиз сони биттага кўпайди. Абдуқодир Ҳусанов "Энергетик БГУ" жамоасидан Франциянинг "Ланс" клуби сафига кўчиб ўтди. Ҳусанов лансликлар сафида асосий таркиби футболчиси бўлмаса-да, етарлича ўйин амалиётига эга бўлди.

Иқтидорли ҳимоячимиз барча мусобақаларда 15 ўйин ўтказди, майдонда умумий 959 дақиқа ҳаракатланди. Шунингдек, вакилимиз клублар ўртасидаги энг нуфузли мусобақаларда ҳам иштирок этганини таъкидлашимиз жоиз. Бундан ташқари Абдуқодир Олимпия терма жамоамиз билан Париж-2024 йўлланмасини қўлга киритди. Ҳусановни "Ланс" бу мусобақага келиши ҳам осонликча бўлмаган эди, УФА ҳимоячимиз учун Франция клуби билан музокара олиб борди ва фақатгина ҳал қилувчи ўйинлар учун рухсат олди.

Ҳимоячимизнинг трансфер қиймати масум давомида 400 минг евродан 2.5 миллионга кўтарилди.

Абдулла Абдуллаев.

ОКМКдаги ишончли ўйинларидан сўнг Абдулла Абдуллаев 2023/24 йилги мавсумдан БАА Про Лигасининг "Хор-Факкан" жамоаси кўчиб ўтди. 26 ёшли футболчимиз қисқа муддат ичида шаржаликларнинг асосий таркиб футболчисига айлана олди. Абдуллаев терма жамоада марказий ҳимоячи сифатида ҳаракат қилса-да, БАА клубида турли хил позицияларда ҳаракат қилмоқда. Абдуллаев 8 учрашувни таянч ярим ҳимоячи, 8 баҳсда марказий ярим ҳимоячи, 5 ўйинда марказий ҳимоячи ва 2 тўқнашувда ҳужумкор ярим ҳимоячи сифатида ўйнаган. Умумий 21 учрашувда майдонга тушган универсал футболчимиз ўз ҳисобига 2 ассистни ёздириб қўйган.

Терма жамоамиз вакилининг "Transfermarkt"га кўра нархи 800 минг евро ҳисобланади.

Фаррух Сайфиев.

Ўтган мавсум "шерлар" билан бирга Ўзбекистон чемпионига айланган Фаррух Сайфиев 2024 йилги мавсумни "Навбаҳор"да бошлади. Сайфиев ўз олдига чемпионликни мақсад қилган наманганликларнинг ўн битталигига кирувчи футболчи ҳисобланади. 33 ёшли ҳозирга қадар водийликлар сафида Суперлиганинг барча - 9 беллашувида тўлиқ 90 дақиқадан ҳаракат қилган ва ўз номига икки ассистни ёздириб қўйган. Бундан ташқари кубокда яна икки баҳсда ҳам ўйнаган. 

Сайфиевнинг айни пайтдаги нархи 450 минг еврони ташкил қилади.

Шерзод Насруллаев.

Қаршининг "Насаф" клуби ҳимоячиси Шерзод Насруллаев Осиё кубоги гуруҳ босқичи доирасидаги Ҳиндистонга қарши ўйинда оёғида оғриқ сезгани учун иккинчи бўлим бошида захирага олинган эди. Шундан сўнг Насруллаев жароҳат сабаб термамизнинг бошқа ўйинларида қатнашмади. 

25 ёшли ҳимоячи жароҳати сабаб Суперлиганинг дастлабки икки учрашувлари - "Олимпик" ва "Пахтакор"га қарши қайдномага киритилмади. Бироқ Шерзод 3-турдаги "Қизилқум"га қарши захирадан майдонга тушди ва мавсумдаги илк ўйинини ўтказди. Шундан сўнг у Суперлига доирасидаги "Андижон", ОКМК, "Бунёдкор", "Сурхон", Динамо" ва "Локомотив"га қарши учрашувларда тўлиқ 90 дақиқа ўтказди ва икки ассистни ўз номига ёздириб қўйди.

Маълумот учун, Насруллаевнинг "Transfermarkt" порталидаги нархи 900 минг евро.

Муҳаммадқодир Ҳамралиев. 

Тошкентнинг "Пахтакор" жамоаси ҳимоячиси Муҳаммадқодир Ҳамралиев ҳам мавсумнинг дастлабки уч турини жароҳат сабаб ўтказиб юборди. "Шерлар"нинг ҳимоясида мавсум бошида Абдумажидов ва Асқаров ҳаракат қилди. Ҳамралиев 4-турда "Сўғдиёна"га қарши учрашувда қайтди. Шундан сўнг барча учрашувларда тўлиқ 90 дақиқа ўйнамоқда. 22 ёшли марказий ҳимоячи яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистон Суперкубоги финалида пенальтидан фойдалана олмади. 

Ҳамралиев терма жамоада 2 та учрашувда қатнашган бўлиб, унинг нархи 550 минг еврони ташкил қилади.

Умарбек Эшмуродов.

"Насаф" ва терма жамоадаги ишончли ўйинларидан сўнг Умарбек Эшмуродов Малайзиянинг "Селенгор" клубига 2024 йил аввалида кўчиб ўтди. 31 ёшли ҳимоячи "қизил девлар"нинг энг қиммат футболчисига айланди. Жанубий-шарқий Осиё чемпионати 10 май кунидан бошланди ва 3 тур ортда қолди. "Селенгор" жамоасининг 1-турдаги учрашуви қолдирилди, қолган иккала баҳсда эса Умар тўлиқ ҳаракатланди жамоасининг "қуруқ" ўйин ўтказишига ёрдам берди. Эшмуродов ОКМКда ўйнаб кетган Элвин Фортес билан жамоадош ҳисобланади.

Унинг ҳозирги нархи 700 минг евро.

 

Ўзбекистон терма жамоаси посбонлари ўз клубларида қандай ҳаракат қилмоқда! (Биринчи қисм) 

 

 

 

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!