Ўзбекистон U-19 терма жамоаси Таиланддаги халқаро мусобақа олдидан йиғин бошлади

Ноябрда 19 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё Чемпионати-2020 саралаш баҳслари ўтказилади. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси айни пайтда Саудия Арабистони мезбонлик қиладиган саралаш баҳсларига тайёргарлик жараёнини давом эттирмоқда.

Отабек Ғуломхўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси тайёргарлик доирасида бир қатор мусобақа ва ўртоқлик ўйинларида майдонга тушмоқда. Октябрь ойида Ўзбекистон U-19 терма жамоаси яна бир халқаро мусобақада иштирок этади. Вакилларимиз Таиландда ўтадиган “GSB Bangkok Cup” мусобақасига таклиф олди. Мазкур мусобақада, шунингдек, Жанубий Корея, Таиланд ва Вьетнам ёшлар терма жамоалари ғолиблик учун баҳс олиб боришади.

Мазкур мусобақа олдидан терма жамоамиз бугундан йиғин бошлади. Режага кўра, Ўзбекистон U-19 терма жамоаси 7 октябрга қадар Тошкентда машғулотлар олиб боради. Сўнгра Таиландга йўл олади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!