Ўзбекистон U-20 футзал терма жамоаси Таиландда Вьетнам ва Хитой ёшлари билан назорат ўйини ўтказди

 

Шу йилнинг 16–26 май кунлари Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида футзал бўйича тарихда илк марта 20 ёшгача бўлган футзалчилар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтади.

Ўзбекистон U-20 терма жамоаси делегацияси 8 май куни Таиландга учиб кетган эди. Хосе Мария Пазос Мендез бошчилигидаги ёшлар термаси аввалига 10 май санасида Вьетнам ёшларига қарши назорат ўйини ўтказишди ва 1:4 ҳисобида имкониятни бой беришди.

Бугун эса U-20 терма жамоа вакиллари Хитой U-20 терма жамоасига қарши назорат учрашуви ўтказди ва 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ёшларимиз таркибида голларга Саид Ризо Миршарофов, Хусниддин Нишонов ҳамда дарвозабон Суннат Анваровлар муаллифлик қилишди. Ўзбекистон U-20 терма жамоаси эртага Бруней U-20 термасига қарши назорат ўйини ўтказади.

Қуръа натижасига кўра, Ўзбекистон U-20 терма жамоаси “C” гуруҳида Қатар, Ливан, Мьянма ва Гонконглик тенгдошлари билан куч синашади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!