Ўзбекистон U-20 терма жамоаси илк ўйинда ғалаба қозонди

Хабар берганимиздек, пойтахтимиздаги “Чиғатой” спорт мажмуасида Равшан Ҳайдаров мураббийлигидаги Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоаси Осиё чемпионатига тайёргарлик кўриш мақсадида навбатдаги ўқув машғулот йиғинини давом эттирмоқда.

Кеча ёшлар терма жамоамиз кўрик назорат учрашувида майдонга тушди. "Металлург" матбуот хизматининг хабарига қараганда, спарринг рақиб “Бунёдкор U-21” жамоаси бўлди. Қизиқарли ўтган ўйинда Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоасининг қўли баланд келди.

Мазкур учрашувда “Металлург” жамоасидан терма жамоа йиғинига таклиф этилган футболчиларнинг ҳар иккаласи майдонга тушди. Ҳумоюншоҳ Сайётов терма жамоа дарвозасини ҳимоя этган бўлса, Шаҳзоджон Неъматжонов ҳужум чизиғини кучайтиришга ўз ҳиссасини қўшди. Эътиборга молик жиҳати терма жамоа голларидан бирини Шаҳзоджон Неъматжонов киритди. Ўйин 3:2 ҳисобида Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоасининг ғалабаси билан якунланди.

Равшан Ҳайдаров шогирдлари 26 март санасида иккинчи назорат ўйинини “Металлург” жамоасига қарши ўтказади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!