Ўзбекистонда велоспорт бўйича биринчи профессионал жамоа ташкил топди

Бугун ўзбек велоспортида муҳим воқеага гувоҳ бўлдик. Ушбу санадан эътиборан, велоспорт бўйича Ўзбекистоннинг илк профессионал клуби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтди ва махсус гувоҳномага эга бўлди. Мазкур воқелик Адлия вазирлигида ўзига яраша тантана билан ўтказилди. Унда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси бош котиби Козим Ўринбойхўжаев, Адлия вазирлиги, МОҚ ва Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси мутасаддилари иштирок этишди.

“UZBEKISTAN CYCLING PRO TEAM” номи билан рўйхатдан ўтган клуб эндиликда йирик халқаро мусобақаларда иштирок этиши мумкин. Клуб штаб-квартираси ва спортчилар шуғулланадиган асосий база Словениянинг Любляна шаҳрида бўлади. Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам жамоанинг яна бир базасига эга бўлиши белгиланган.

Клуб шоссе ва трек йўналишларида эркаклар ва аёллар бўйича алоҳида жамоага эга. Регламентга кўра, таркибга умумий 16 нафар эркак ва аёл спортчиларни жалб қилиши мумкин. Бу билан ушбу жамоа велоспортчилари йирик турнирларда иштирок этиш имкониятига эга. Жамоага бошқа давлатлардан легионер спортчиларни ҳам жалб қилиш мумкин. Илк ўзбек профессионал жамоаси ўзининг илк стартини март ойининг сўнгида Словенияда ўтадиган мусобақада ўтказиши кутилмоқда. Режага кўра, Муроджон Холмуродов, Ольга Забелинская каби велоспортчиларимиз “UZBEKISTAN CYCLING PRO TEAM” клуби билан шартнома тузадиган илк райдерлар бўлади.

Велоспортда профессионал жамоамизнинг ташкил топиши ушбу спортнинг ривожи юртимизда яна бир босқичга кўтарилганидан далолатдир. Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан келажакда бу каби жамоалар сонини кўпайтириш орқали юртимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шу жумладан, хотин-қизларни спортга янада кенг жалб қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!