Ўзбекистондан яна бир жаҳон чемпиони – супербоксчи етишиб чиқмоқда!

Chery Tigo 7 PRO

Профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича ўта оғир вазн тоифасида жаҳон чемпионлигига эриша олган Руслан Чагаев ўзбек бокс мактабининг янги авлоди вакиллари – Баҳодир Жалолов ва Шаҳрам Ғиёсоб ҳақида фикр билдирди.

- Баҳодир Жалолов — жаҳон бокс оламининг етакчиларидан бири, энг қуйи босқичдан кўтарилиб, айни пайтда энг юқори чўққига чиқди. У яқинда  бўладиган Олимпия ўйинларида чемпион бўлишига умид қиламан. Назаримда, Баҳодир Париждаги мусобақада энг камида кучли учликда бўлади.

Шаҳрам Ғиёсов – ўзбек боксининг яна бир юлдузи, жаҳон чемпионлигига даъвогарлик қилмоқда. Унинг профессионал боксда жаҳоннинг етакчи боскичисига айланишига имконияти етарли, деб ўйлайман. Бунинг учун бир қадам қолди ва Ўзбекистонда яна бир жаҳон чемпиони пайдо бўлади, - деди Руслан Чагаев.

Ўзбекистон профессионал бокс тарихида Артур Григорян, Руслан Чагаев, Муроджон Аҳмадалиев, Исроил Мадримов каби чарм қўлқоп усталари жаҳон чемпионлиги камарини қўлга киритган.

Ҳаваскорлар боксида Осиё ва жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинчилари вице-чемпиони Шаҳрам Ғиёсов профессионал боксда ҳам жаҳон чемпионлиги камарига даъвогарлик қилмоқда.

30 ёшли боксчимиз профрингда ҳозирга қадар 15 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасини ўз фойдасига ҳал қилган. Рақибларидан тўққизтасини муддатидан олдин таслим этган.

Яқинда Ўзбекистон профессионал бокс ассоциацияси матбуот хизмати Шаҳрам Ғиёсов IBF чемпионлик камари учун рингга чиқиши мумкинлиги, таниқли промоутер Эдди Хирн ушбу жангни ташкил этиш бўйича амалий ҳаракатларни бошлаб юборганини маълум қилганди.

Баҳодир Жалолов эса, ҳаваскор ва профессионал боксни тенг олиб бормоқда. Ҳаваскорлар ўртасида барча нуфузли турнирларнинг ғолибига айланган.

29 ёшли боксчимиз икки карра жаҳон, уч карра қитъа чемпиони ҳисобланади. Олимпия ва Осиё ўйинларида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган.

Париж Олимпиадасида ҳам энг оғир вазн тоифасида чемпионлик учун кураш олиб бориши кутилмоқда.

Баҳодир Жалолов профессионал рингда ҳозиргача 14 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида рақибларини муддатидан олдин мағлуб этган.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Pardayev Shavkat
18/06/2024 05:18
Олға!! "Ўзбегим Йўлбарслари"!