Ўзбекистонлик жангчи собиқ UFC чемпионини жангга чорлади
Юртимизнинг машҳур ММА жангчиларидан бири, оғир вазн тоифаси вакили Амин Эргашев узоқ йиллардан буён юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келади.
Ушбу спортчимиз ҳозирда Ҳабиб Нурмагомедовга тегишли бўлган, EFC (Eagle Fighting Championship) промоушени билан ҳамкорлик қилади. Қувонарлиси, у сўнги жангида ушбу промоушеннинг ўзига хос Гран-Присида россиялик Алан Макитовни техник нокаут билан мағлуб этиб, яна бир россиялик жангчи Владимир Дайнекога (13-5) қарши оғир вазн тоифасида вакант қолган чемпионлик камари учун жанг қилиш имкониятини қўлга киритган эди.
Улар ўртасидаги жанг коронавирус ва жароҳатлар туфайли орқага сурилганди. Шу вақт мобайнида EFC промоушенида катта ўзгаришлар бўлиб, бир қатор таниқли, жаҳон ММА оламида шуҳрат қозонган жангчилар билан шартнома имзоланди. Жумладан, оғир вазн тоифаси вакили, собиқ UFC чемпиони бразилиялик Жуниор Дос Сантос ҳам энди Ҳабиб Нурмагомедов промоушенида фаолият юритади ва катта эҳтимол билан у ҳамюртимиз Амин Эргашевнинг рақибига ҳам айланиши мумкин.
Айнан ушбу омил туфайли, юртдошимиз EFC промоушени мутасаддиларига мазкур жангни беришларини сўради. Бу борада Эргашев ўзининг Инстаграм саҳифасида маълум қилди. Албатта, Сантосни 20 май санасида Йорген Де Кастро билан жанг кутиб турибди. Мазкур жангда қандай натижа қайд этишидан қаътий назар ҳамюртимиз ушбу машҳур жангчи билан октагонда тўқнаш келмоқчи. Мазкур жанг ҳамюртимиз учун ҳар томонлама фойдали десак, янглишмаган бўламиз. Сабаби, ғалаба қозонса, фаолиятида катта бурилиш юзага келса, мағлубият эса катта тажриба мактаби бўлади, дейишимиз мумкин. Агар, бу жанг амалга ошса, шиддатли тўқнашувни гувоҳи бўламиз. Зеро, юртдошимиз ушбу промоушеннинг оғир ваз тоифасида ўз ўрнига эга ва у бу чорловга муносиб!
Фикрлар