
Сергей Лушчан: "Футболчиларда ғалабага бўлган иштиёқ кам бўлди, деган гапингизга қўшилмайман"
Ўзбекистон Суперлигасининг 21-туридан ўрин олган “Навбаҳор” - “Сурхон” (0:0) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Сергей Лушчан иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди. Бу ҳақида клуб матбуот хизмати маълум қилди.
- Бугунги ўйин ҳақидаги фикрингиз...
- Учрашув биз учун жуда қийин кечди. Кўплаб ҳужумлар уюштирган бўлсак-да, реализация борасида муаммоларга дуч келдик. Бу ҳолатни изоҳлашдан ожизман. Ўйинни яхши бошлаймиз, кейин эса индивидуал маҳоратни ишга солиш, шошқалоқлик билан ўйин намойиш этамиз. Ҳужумда омадимиз келмаяпти. Биринчи даврада ҳаммаси ўз жойида эди. Иккинчи даврада эса негадир ҳужумдаги ишларимиз юришмаяпти.
- Жамоадаги ички муҳит қандай ва “Навбаҳор”га айни пайтда нима етишмаяпти?
- Жамоага нима етишмаётганлигини билганимда, энг бахтли инсон бўлардим. Машғулотлар ва ўртоқлик ўйинларида барчаси кўнгилдагидек кечмоқда, аммо расмий учрашувларда ўйинимиз унчалик ўхшамаяпти. Лекин йигитларга бу борада эътироз йўқ. Чунки улар ҳаракат қилишяпти. Шунингдек, кўрпани ўзига тортаётган ўйинчилар ҳам бор. Футбол жамоавий ўйин, ҳар ким ўз индивидуал маҳоратини ишга солади, дегани эмас. Бугунги ўйиннинг ҳам илк дақиқаларида 2 та голли вазият юзага келди. Аммо бундан фойдалана олмадик. Албатта, бахтли яшаётган, шунингдек, жанжалли, ажрашаётган оилалар бор. Жамоа ғалаба қозона олмаса, муҳит яхши бўлиши даргумон. Клуб раҳбарлари, жамоа мураббийлар штаби, шунингдек, футболчилар ҳам бундай вазиятда босим остида қолишади. Энди ҳаммасини таҳлил қилиб, олдинга қараб, ҳаракатланиш лозим.
- Достонбек Абдулҳаевнинг бугунги ўйинига қандай баҳо берасиз?
- Менимча, у аъло даражада ўйнади. Ҳозир футболчиларнинг ўйинларига баҳо бериш эмас, бугунги беллашувдаги хато ва камчиликларни таҳлил қилишимиз лозим. Айрим пайтларда хатоларга йўл қўйиляпти ҳамда буни тўғрилаш керак. Жамоадошининг хатосини ёпган футболчининг эса интеллектуал маҳорати юқори бўлади. Абдулҳаев доимо яхши ўйин намойиш этади. Биз ҳар бир учрашувда янги футболчини майдонга туширишга интиляпмиз. Олдинига Мўйдинов, бугун эса Исломов. Шу тариқа, секин-асталик билан таркибни янгилаб боряпмиз.
- Бугунги баҳсда футболчиларда ғалабага бўлган иштиёқ камроқдек кўринди. Бундан ташқари, айни пайтда жамоанинг Суперлигада совринли ўринлар учун курашда имкониятлари пасайиб кетди, шунингдек, Ўзбекистон кубоги баҳсларида ҳам омадсизликка учради. Балки ушбу омиллар ҳам футболчиларга ўз таъсирини ўтказаётгандир? Кейин келаси йилги мавсумга тайёргарлик борасида ўйлаш вақти келмадими? Чунки интервьюларингиздан бирида 2-3 йил ичида чемпионлик учун курашадиган жамоа тузамиз, дегандингиз...
- Йигитларда ғалабага бўлган иштиёқ кам бўлди, деган гапингизга қўшилмайман. Шогирдларим ҳаракат қилишди, фақат омад келмади. Нега бундай бўлаётганлигини эса тушунтира олмайман. Бундай ҳолатлар ҳар бир жамоада бўлиб туради. Биринчи даврада Ўринбоев жуда яхши ўйнаётганди. Ҳозир эса ўйини чиқмаяпти. Таркибда икки-уч нафар етакчиларнинг борлиги кўнгилни хотиржам қилади. Бироқ айни пайтда “Навбаҳор”да бундай футболчини кўрмаяпман. Албатта, рақиблар ҳам жамоамизнинг ўйинларини таҳлил қилиб, кучли тарафларини ўрганишади. Таркибимизда 24 нафар футболчи бор. Улардан 14 нафари жорий мавсумнинг сўнгги қишки ўқув-машғулот давомида жамоа таркибига қўшилган. Уларнинг кўпчилиги ёш маҳаллий футболчилар. Уларни секин-аста асосий таркибга тайёрлаб борамиз. “Машъал” жамоасини йирик – 6:0 ҳисобида мағлубиятга учратганимиздан кейин жамоа машғулотлар жараёни ва ўйинида ҳам ўсиш юз берди. Аммо Ўзбекистон кубоги мусобақасини аламли тарзда тарк этдик. Энди буёғига ҳаммасини унутиб, фақат олдинга қараб интилиш, кимдир ташаббусни ўз қўлига олиши керак. Шундай етакчи футболчи етишмаяпти, ҳозирча жамоада. Ўтган мавсумда эса Ҳамробеков, Искандеров сингари шундай салоҳиятга эга футболчилар бор эди. Улар билан бирга Болтабоев ҳам анча яхши ўйин намойиш этарди. Мазкур ўйинчилар жамоа учун қийин вазиятларда барча масъулиятни ўз зиммаларига олишарди. Ҳозир эса бундай футболчини “Навбаҳор”да кўрмаяпман.
Фикрлар