Ўзбекистоннинг 2016 йилдаги энг яхши мураббийи ва футболчиси учун овоз бериш жараёни эртага якунланади

 

Ўзбекистон Футбол Федерацияси 2016 йилнинг энг яхши мураббийи ва футболчисини аниқлаш бўйича Республика бўйлаб сўровнома эртага, 28 декабрь куни якунланади. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар бермоқда.

Cўровноманинг холислигини таъминлаш мақсадида унда журналистларнинг мустақил равишда тўғридан-тўғри иштирок этиши 2015 йилдан бошлаб чекланган эди. Ўша тизимга асосан овоз бериш жараёнида таҳририятлар иштирок этади.

Сўровномада Ўзбекистон ва чет элдаги оммавий ахборот воситаларининг таҳририятлари овоз берадилар.

Мустақил журналист, колумнист ва ньюсмейкерлар, шунингдек, спорт блогерларининг овозлари якунда мустақил журналистлар гуруҳи остида бирлаштирилади ва битта овоз сифатида сўровномада қатнашади. Футбол клублари ва терма жамоаларнинг матбуот хизматлари овози ҳам ягона “Матбуот хизматлари” гуруҳи остида бирлаштирилиб, ягона овоз сифатида сўровномада иштирок этади.

Йилнинг энг яхши мураббийи ва футболчиси номи (икки алоҳида номинация ҳисобланиб) умумий баллар йиғиндисига қараб аниқланади.

Ҳар бир таҳририят 3 нафар мураббий ва 3 нафар футболчини мукофотга лойиқлик даражаси бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларга қўйиб чиқади. Иккала номинация бўйича ҳам 3 та қатор тўлдирилиши шарт.

Футболчи ва мураббийлар учун берилган овозлар қуйидаги тартибда ҳисобланади:

1-ўрин учун – 3 балл

2-ўрин учун – 2 балл

3-ўрин учун – 1 балл

Йилнинг энг яхши мураббийи ва футболчисига овоз бериш асносида мураббий ва футболчининг йил давомидаги фаолиятига назар ташланади.

Овоз бераётган таҳририят тўртта асосий критерияга риоя қилиши керак:

1. Йил давомидаги индивидуал ва жамоавий равишдаги ютуқлари

2. Истеъдод, иқтидор ва Fair Play.

3. Карьера

4. Шахсияти ва унинг бошқаларга таъсири

Ўзбекистон олий лигасидаги ўзбекистонлик бўлмаган хорижлик мураббий ёки легионерлар сўровномада иштирок эта олмайди.

Таҳририят ўз овозини расмий мактуб билан ЎФФ Матбуот хизматининг электрон почтасига, шунингдек факс орқали жўнатишлари лозим. Овоз бериш 2 декабрдан очиқ ва 25 кун давом этиб, 2016 йилнинг 28 декабрь куни декабрь куни соат 18:00 да тўхтатилади.

Овозлар қуйидаги манзилга жўнатилади:

Манзил: Тошкент 100011

Ўзбекистон шоҳ кўчаси 98 А уй

Факс: +99871 - 244-16-83.

Email: media@the-uff.com

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!