Ўзбекистоннинг 25 та клуби ОФК лицензиялаш жараёнида иштирок этмоқда

ОФК назорати остида ўтказиладиган клубларни лицензиялаш жараёни ўзининг ҳал қилувчи босқичига кирди.

Биласизки, футбол клуби 5 та мезон бўйича зарур ҳужжатларни AFC CLAS платформасига юклайди. Осиё клублари мусобақалари куз-баҳорга ўзгаргач, лицензиялаш муддатлари ҳам табиий равишда ўзгарди. Клубларимиз январь, февраль ва март ойларида спорт, инфратузилма, ишчи-ходим, ҳуқуқий мезон бўйича ҳужжатлар тўпламини тақдим этди. Олдинда фақат молиявий мезон сифатида аудиторлик ҳисоботлари ва бухгалтерлик ҳужжатларини топшириш қолмоқда.

Лига саъй-ҳаракатлари эвазига бу йил қатор кўрсаткичларга эришилди. Жумладан:

▪ Ўзбекистоннинг 25 та клуби ОФК лицензиялаш жараёнида иштирок этмоқда, бу биз учун рекорд кўрсаткич;

▪ фақатгина Япония ва Ўзбекистон учта дивизион клубларини лицензиялашга жалб қилган.

2020 йил Лига илк марта Про лига қатнашчиларини лицензиялаш жараёнига қўшганди, бу йилдан бошлаб илк бора Биринчи лига клублари ҳам унда иштирок этади: «Дўстлик Тошкент», «Янгиер», «Зомин».

Узоқ йиллар давомида ўзбек клублари учун жиддий муаммо бўлиб келган жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийлар дипломи масаласида яхши ўзгаришлар бор. Лига 2020 йилдан бошлаб мунтазам равишда фитнесс мураббийлик ўқув курслари ташкил этишга чақириб келди ва 2022 йилда ўзбекистонлик жисмоний тайёргарлик мураббийлари учун AFC Fitness Level ўқув курслари ташкил қилинди. Энди аксар клубларимизда тегишли мутахассислик лицензиялари мавжуд мураббийлар бор.

Маълумот учун, июнь ойи сўнгида ОФК лицензиясига эга чиққан клублар номи расман маълум бўлади.

ЎзПФЛ матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!