Ўзбекка "айланган" Горонжон! "Андижон"нинг легионери нимадан куч олаётганини биласизми?

“Андижон” жамоасига йил бошида янги таклиф қилинган ўйинчилар орасида черногориялик ярим ҳимоячи Горон Милойко ҳам бор.

28 ёшли легионер ўтган вақт давомида ўзидан илиқ таассурот қолдира олди. Унинг майдондаги вазифаси асосан “қора иш” билан шуғулланиш. Аниқроғи, рақиб ҳужумларини бузишда Милойко анча фойдали иш коэффициентини бажармоқда. Футболчи “Андижон”нинг барча ўйинларида деярли тўлиқ ҳаракат қилмоқда. Бу эса, унинг ўзига юклатилган вазифани яхши бажараётганидан далолат.

Легионер Ўзбекистонда фаолиятини бошлаганидан бери ҳали ОАВга интервью бермаганди. Ниҳоят, “Андижон”нинг “Бухоро”га қарши учрашувидан сўнг, черногориялик легионер суҳбатлашишга рози бўлди.

- Горон, дастлаб “Андижон”нинг “Бухоро”га қарши ўйини ҳақидаги фикрингиз билан ўртоқлашсангиз. Жамоа нима учун ғалаба қозона олмади?

- Биз бу учрашувга яхши тайёрлангандик. Афсуски, футболда омад ҳам муҳим роль ўйнайди. Шу куни омад бизга кулиб боқмади. Олдинги учрашувларда қийин вазиятлардан чиқиб кетиб, ғалабаларга эришгандик ва ўшанда омад ҳам биз томонда бўлганди. Кейинги учрашувларда яна ғалабалар қозониб, ишқибозларни хурсанд қилишда давом этамиз.

- Про лига Суперлигадан кейинги ўринда туради. Айтингчи, про лиганинг даражаси қандай? Бу ердаги чемпионатнинг плюс ва минуслари сизга кўриняптими?

- Ҳа, биламан бу про лига. Лекин жамоамизнинг даражаси ва мавқеи Суперлига клублариники билан тенг. Худо хоҳласа, бу йил албатта Суперлигага қайтамиз. Жамоамизнинг жойи ўша ерда. Барча ҳаракатларимиз шунга қаратилган.

горон1

- Бу ердаги мухлисларнинг қанчалик қўллаб-қувватлашларини кўриб турибсиз. Стадиондаги муҳитдан ўзингиз учун қандай энергия оляпсиз?

- Бундай мухлислик қандай ёқмаслиги мумкин? Андижон ишқибозлари Ўзбекистонда биринчи рақамли, бунга шубҳа йўқ. Улар энг зўри! Стадиондаги муҳит қойилмақом даражада ва бу ҳолат менга қўшимча куч беряпти. Ҳатто Сербиядаги мухлислардан ҳам юқори даражада. “Андижон”ни зўр бериб олқишлашлари менга жуда ёқяпти.

- Кўряпмизки, сизнинг майдондаги вазифангиз асосан рақиб ҳужумини бузиш ва жамоангиз ҳужумини бошлаб беришдан иборат. Бундай позицияда тўп суриш сиз учун қулайми ёки бошқа чизиқда ҳам ўзингизни тасаввур қила оласизми?

- Буни бош мураббий ҳал қилади. Кўпроқ таянч ярим ҳимоясида ўзимга юклатилган вазифани бажараман. Мураббий менга қаерда ўйнашимни айтса, ўша ерда ўйнаб, жамоам учун фойда келтиришга ҳаракат қиламан.

- Шу пайтгача ортда қолган учрашувлар орасида сиз учун энг қийин ёки энг ёқимлиси қайси бўлди?

- Энг яхши ўйин сафарда “Турон”ни мағлубиятга учратган баҳсимиз. Менга жуда ёққанди ва муҳит ҳам зўр эди. Про лигада биздан кейинги энг яхши жамоа “Турон”. Уларга қарши учрашувда ғалаба қозонганимиз менда катта таассурот қолдирди.

горон2

- Фаолиятингиз давомида бир қанча мураббийлар билан ишлаб кўргансиз. “Андижон”ни бошқараётган Виктор Кумиковни олдин ҳам билармидингиз? Уни ажратиб кўрсатадиган хусусиятлари борми?

- Кумиков ҳақида билардим, олдин эшитганман. Қозоғистон клубларида ишлаб, Европа майдонларида ҳам иштирок этган. Бошқа мураббийларга қараганда характери қаттиқ ва талабчан. Биламанки, Виктор Балютовични тажрибаси жуда баланд.

- Аслини олганда, “Андижон” таклифини қабул қилишингизга нимадир туртки берганми? Илгари ҳам сизда Ўзбекистонда тўп суриш варианти бўлганми?

- Черногорияда ўйнаб юрган пайтимда Ўзбекистонда про лига чемпионатидаги жамоадан таклиф борлигини айтишди. Қарасам, “Андижон”да Суперлигага қайтиш вазифаси қўйилган экан. Натижада агентларим билан келишиб, клубга ёрдам беришга қарор қилдим. Ўзбекистон чемпионатида сербиялик кўплаб легионерлар тўп суради. Шулар орқали ҳам жуда яхши таърифларни эшитдим. Мен Қозоғистон, Ўзбекистон ва бошқа чемпионатларни солиштираман, уларнинг орасида сизнинг чемпионатингиздаги футбол савияси яхшироқ. Ўйинлар жанговар руҳда ўтади. Мен Ўзбекистонда кўпроқ қолиб, мухлислар олқишига сазовор бўлишни истайман.

- Фаолиятингизда биринчи марта легионер сифатида тўп суряпсиз. Мослашиш қийин кечмадими?

- Тўғри, мен илгари четда тўп сурмагандим. Аммо “Андижон”да ҳаммаси аъло даражада. Биз бу ерда бир оилага айландик. Масалан, ўнг қанот ҳимоячимиз Абдувоҳид Ғуломов билан худди ака-укадекмиз. Жамоадаги ҳар бир инсон билан дўстмиз ва бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз. Мураббийлар штаби, шифокорлар, матбуотдагилар, ошпазлар, ҳамма-ҳаммаси менга ниҳоятда ёқади. Очиғи, жамоамиздаги аҳиллик ҳам менга қўшимча қувват бағишлаб туради. Шунинг учун ўзимни худди уйимдагидек, шаҳримда юргандек ҳис қиламан.

горон3

- Тўғри, майдонда ташқарида ҳам жамоадошларингиз билан жуда қувноқ кайфиятдасиз. Шунинг учун бўлса керак, сизни Горон эмас, балки маҳаллийлаштириб - Горонжон деб чақиришади. Бу ном сизга ёқяптими?

- Бу менга жуда ёқади. Агар сизларга исмимни ўзбекчага мослаштириб Горонжон, деб аташ ёқса, мен ҳам бундан хурсандман. Доим мени Горонжон, деб чақиришса юзимда табассум пайдо бўлади.

- Юртингизга қайтганингизда ҳам Горонжон деб чақиришларни истармидингиз?

- Менга фарқи йўқ, доим ёқимли туюлади. Ҳозир Ўзбекистондаман ва исмимни Горонжон, деб аташяпти ва бу жуда қувноқ эшитилади. Қолаверса, менга ўзбек тили ҳам ёқиб қолди. Ҳар доим Горонжон, деб чақиришса лаббай,  деб жавоб бераман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!